Астанада экспертлар Қозоғистонда криптосаноатни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди

Астанада экспертлар Қозоғистонда криптосаноатни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди

Қозоғистон минтақавий криптохаб сифатида мавқеини мустаҳкамлаяпти. Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги берган маълумотга кўра, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий база ҳамда давлат ва бизнес ўртасидаги очиқ мулоқот халқаро компанияларни жалб қилиш, мамлакатда янги технология лойиҳаларини ишга туширишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистонда легал бозор инфратузилмаси ривожланяпти. 1 майдан бошлаб криптовалюта айирбошлаш шохобчалари лицензияланяпти. Криптовалюталар банклар, молия компаниялари ва тўлов хизматлари орқали босқичма-босқич интеграция қилинади. "Астана" халқаро молия марказида 30 тадан зиёд лицензияланган компания, криптобиржа ва рақамли активлар провайдерлари фаолият юритяпти. Марказ рақамли активларни тартибга солишнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўйича жаҳон етакчилари қаторига кирди.

Алтай Слямов, АХММ Молиявий технологияларни тартибга солиш қўмитасининг Молиявий хизматлар департаменти директори /Афса/:

- Бугунги кунда глобал ўйинчилар томонидан катта қизиқиш кузатилмоқда. Улар Қозоғистон ҳудудида фаолият юритишни истайди. Савдо ҳажми бўйича дунёда биринчи-иккинчи ўринни эгаллаган Binance, Bybit АХММ ҳудудига келди, лицензия олиш орқали аллақачон Қозоғистон ҳудудида маҳаллий ваколатхоналарини ишга туширди. Бошқа биржалар ва инфратузилма ташкилотчилари ҳам бизнинг ҳудудимизга киришга жуда қизиқмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, токенлаштирилган активлар бозори жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган сегментларидан бирига айланиши мумкин. Бугунги кунда Қозоғистон халқаро инвесторларни жалб қилиш учун зарур ҳуқуқий асос, ривожланган молиявий инфратузилма ва қулай шарт-шароитларга эга. Яқинда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда Осиёдаги биринчи крипто-шаҳар - Алатау пайдо бўлишини эълон қилди. Буларнинг барчаси мамлакатнинг глобал рақамли активлар бозорида сезиларли ўрин эгаллаши учун замин яратади.

Талғат Дўсанов, Intebix, Solana крипто компаниялари вакили:

- Рақамли активларни токенлаштириш 5 йилдан кейин 30 триллион долларга етади. Бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади. Қозоғистон пешқадам бўлиши учун барча имкониятларга эга. Бизда қонунчилик базаси, Менделеев жадвалидаги элементлар, криптовалюта билан ишлайдиган банк тизими мавжуд. Ҳозир уларни ўзаро уйғунлаштириш, инвесторлар ва қозоғистонликлар учун тўғри тақдим этиш керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси.