Мамлакатда охирги 2 ҳафта ичида коронавирус юқтириш ҳоллари 28 фоизга камайган. Шундай қилиб, бир миллион аҳолига тўғри келадиган касалланиш даражаси бўйича дунё рейтингида Қозоғистон 222 давлат орасида 108, ўлим кўрсаткичи бўйича 102-ўринда. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой маълум қилган. Бугунги кунда, унинг айтишича, фақат Ақмўла вилояти «қизил» зонада.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
- Бугунги кунда Ақмўла вилояти «қизил» зонада. Сариқ зонада 5 та минтақа. Қозоғистон Республикаси ва 11 вилоят яшил зонада. Республикада тузалганлар сони касалланганлар сонидан устун. Масалан, ноябрь ойида октябрь билан солиштирганда, тузалганлар сони 1,6 мартага кўп бўлган. Юқумли касалликлар шифохоналарида ўринлар бандлиги 24 фоиз, реанимация бўлимларида 21 фоиз. Даволанаётганлар сони ўсишида пасайиш кузатилмоқда, сўнгги уч ойда беморлар сони 3,7 мартага камайган, 84 минг 268 тадан 22 минг 353 тага. Аҳолини КВИга қарши эмлаш давом этяпти.
Вазир Алматида ўтказилган омикрон штаммига хос мутация мавжудлигига оид дастлабки ПЗР-скрининги натижалари ҳақида ҳам маълумот берди. У коронавируснинг мазкур штамми ҳалича аниқланмаганини айтиб ўтди, лекин Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан танлаб олинган ижобий натижаларни тўлиқ тадқиқ қилиш давом эттирилади. Мамлакатда, шунингдек, аҳоли ревакцинацияси ҳам кўзда тутилган. 8 декабрдан бошлаб, вакцинанинг икки дозасини олганига 6 ой бўлган ва коронавирус билан оғриган барча шахслар ревакцинациядан ўтказилади. Бугунги кунда 44 минг 702 киши қайта эмланган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси