Қозоғистонда яна битта банк очилади. Давлат раҳбари Кореянинг молиявий компанияси директорлар кенгаши раиси Бин Дэ-Ин билан учрашувидан сўнг шундай баёнот берилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев BNK Financial Group (Би-эн-кей файненшнл груп) компаниясининг унинг назоратидаги микромолия ташкилотини тўлақонли иккинчи даражали банкка айлантириш ниятини маъқуллади. Қозоғистон Президенти фикрича, етакчи Жанубий Корея банкининг мамлакатимизда иш юритиши икки давлат савдо-инвестициявий ҳамкорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Мадина Абилқасимова, Қозоғистон Республикаси Молиявий бозорни тартибга келтириш ва ривожлантириш агентлиги раиси:
– Бугун биз BNK Finance Kazakhstan микромолия ташкилотини иккинчи даражали банкка айлантиришга рухсат бердик. BNK Finance Kazakhstan – Жанубий Корея давлатидаги BNK Finance холдингининг бир қисми. У энг йирик Жанубий Корея конгломератларидан бири. Дунёнинг 8 давлати, шу жумладан, Ҳидистон, Хитойда иш юритади. Банк гуруҳи 129 миллиард доллар атрофида активларга эга.
Корея энергетикага инвестиция киритади
Президент Қозоғистонда юз берган тошқинлар вақтида берган ёрдами учун Кореянинг Doosan Group компаниясига миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари холдинг раиси Чжеонг Вон Пак ва Doosan Enerbility (Дусан энербилити) бошқаруви раиси ўринбосари Ён Ин Чонгни қабул қилди. Меҳмонлар Қосим-Жўмарт Тўқаевга Туркистон вилоятида 1 ГВт қувватга эга буғ-газ электростанцияси бунёд этиш лойиҳасини тақдим этди, шунингдек, компания Атирау вилоятидаги «Қарабатан» газ-турбина электростанциясини кенгайтиришда қатнашиш истиқболларини тилга олишди.
Қозоғистон Жанубий Корея билан геология соҳасида ҳамкорлик қилади
Давлат раҳбарининг KIGAM президенти Пёнг-Ку Ли ва SK Ecoplant (Эс-Кей Экоплант) вице-президенти Хансол Пэк билан учрашувида Қозоғистон ва Жанубий Корея ўртасида геологоразведка ва тоғ-кон соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Қосим-Жўмарт Тўқаевга Шарқий Қозоғистон вилоятидаги литий конларида олиб борилган разведка ишлари ҳақида маълумот берилди. Президент хорижлик инвесторларга «хомашёга эвазига инвестиция ва технологиялар» формуласи асосида ҳамкорлик қилиш имкониятини таклиф қилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.