Қозоғистон 10 миллион тонна буғдой экспорт қилишга тайёр. Жорий йилда мисли кўрилмаган ҳосил олиниши натижасида, Қозоғистонда шундай имконият пайдо бўлди. Лекин экспертлар фикрича, республика бу маҳсулотни тўла сотиш имкониятига эга эмас. Сабаб – логистика муаммоси ҳал қилинмаган, кадр етишмайди. Аналитиклар таъкидлашича, шу каби муаммолар қўшни давлатларда ҳам кузатиляпти. Конференцияда йиғилган минтақанинг энг йирик дон экспортчилари ва мойли экинлар етиштирувчилари муаммони ҳал қилиш учун самарали ечимлар излади. Анжуманда экспортчилар, қайта ишловчилар, инвесторлар, логистика ва ҳуқуқ мутахассислари иштирок этяпти. Астанадаги тадбирда чор-атрофдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор бўлган жами 15 давлат вакиллари қатнашмоқда.
Зейнулла Абдуманапов, «Kazgrain» экспортчилар миллий ҳамжамияти раиси:
- Бизнинг асосий экспорт бозоримиз Марказий Осиё бўлиб келган. Ўзбекистонга уч миллион тонна, Тожикистонга бир миллион тонна буғдой юборганмиз. 500-600 минг тонна дон Афғонистонга жўнатилган. Шунингдек, Эрон ва Хитойга ҳам кўп миқдорда маҳсулот экспорт қилинган.
Алишер Махмутов, Марказий осиё савдо уйи бош директори/ Ўзбекистон/:
- Ҳар бир ўзбекнинг уйида нон учун тандир бор, дейиш мумкин, Қозоғистон маҳсулоти рекламага муҳтож эмас. Ўзбек истеъмолчилари Қозоғистондан фақат сифатли маҳсулот келишини билади. Бу ердаги кўплаб ҳамкасблар органик маҳсулот тақдим этяпти. Шу кунларда ёғ, кунгабоқар, буғдойга ҳеч қандай чеклов қўйилмаган, шунинг учун кўп миқдорда маҳсулот харид қилиш масаласини ҳал этмоқчимиз. Шу сабабли ҳам катта делегация келган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.