“Астана” халқаро молиявий маркази криптобиржа лойиҳаси билан банд

“Астана” халқаро молиявий маркази криптобиржа лойиҳаси билан банд

Қозоғистон минтақавий крипто-хабга айланиши мумкин. Республикада “Астана” халқаро молиявий маркази базасида пилот лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Аналитиклар фикрича, натижада мамлакат миқёсида тартибга келтирилган шаклда рақамли активлар билан савдо қилиш имконияти туғилади. Бу эса чакана ва профессионал инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун замин яратади. Лойиҳа йил охиригача давом этади. Муваффақиятли чиқса, миллий қонунчилик ва молия маркази ҳужжатларига ўзгаришлар киритилади.

Ягуб Заманов, “Астана” халқаро молиявий маркази молиявий хизматлар қўмитаси финтех департаменти директори:

- Ушбу лойиҳа бошқариладиган муҳитда фиат пулларини криптоактивларга алмаштириш имкониятини беради. AFSA молиявий хизматларни бошқариш қўмитаси криптобиржаларнинг бошқарувчи органи вазифасини бажаради. Банклар ишини Миллий банк тартибга келтиради. Пилот лойиҳа доирасида аввалига чакана инвесторлар учун минг доллар миқдорида лимит белгиланди. Бу эса улар капиталини йўқотиш эҳтимолини камайтириш учун кўрилган чора. Келгуси йилдан биз пилот лойиҳа доирасида эмас, қонунда белгилаб берилган тартибда ишлай бошлаймиз, деган умиддамиз.

Мутахассислар маълум қилишича, криптовалютани мамлакат банклари орқали фиат ёки нақд пулга конвертациялаш ноқонуний, жумладан, пул ювишга қаратилган амалларнинг олдини олади. Криптобиржалар фаолияти шаффофлигини таъминлайди. Лойиҳада қатнашиш учун бир неча қадам  амалга оширилиши кифоя. 

Ягуб Заманов, “Астана” халқаро молиявий маркази молиявий хизматлар қўмитаси финтех департаменти директори:

- Тартибга келтириш шундай амалга оширилади: пилот лойиҳада қатнашишни режалаштирган криптобиржа марказ лицензиясини, молиявий хизматларни тартибга солиш қўмитаси лицензиясини олиши керак. Шундан кейин молиявий марказ, молия хизматларини тартибга солиш қўмитаси, Миллий Банк ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳга мурожаат этилади. Аризаси қондирилса, криптобиржа ҳамкорлик борасида келишилган банк билан бирга пилот лойиҳада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу босқичдан сўнг криптобиржа реал мижозлар билан ишлаши мумкин, бу мижозлар Қозоғистон Республикаси резиденти ёки норезидент бўлиши мумкин.

Молиявий хизматларни тартибга солиш қўмитаси маълум қилганидек, лойиҳа Қозоғистонда криптосаноат ва инвестжозибадорликни оширишда катта туртки бўлиб хизмат қилади. Республикамиз криптобизнес юритиш, виртуал валюта билан транзакцияларни амалга ошириш имкони мавжуд давлатлардан бирига айланиши мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.