Яқинда Қозоғистонда онкогематологик беморларни даволашнинг юқори самарали усули ишга туширилади. Биотехнологиялар миллий маркази олимлари мамлакатга CAR-T деб аталган даволаш технологиясини олиб келиш устида ишлаяпти. Ген муҳандислиги лабораторияси ходимлари ноябрда хорижлик мутахассисларнинг илғор тажрибасини ўзлаштириш учун Англияга йўл олади. Мухбиримизнинг эксклюзив лавҳасини томоша қилинг.
Бугунги кунда қон саратони энг кўп тарқалган ўн турдаги онкологик касалликларга киради. Бундай ўсмали-гематологик дардни даволашнинг асосий усули - кимёвий терапия. Баъзи ҳолларда беморларга асос ҳужайралар қўйилади. Лекин касалликни ушбу усуллар ёрдамида даволаш муддати ўтиб кетса, бошқа усуллар кор қилмаётган бўлса, бемор дардига ора кириш учун CAR-T иммунотерапия усулига мурожаат этилади.
Александр Шустов, ген муҳандислиги лабораторияси мудири:
- Бу ген-муҳандислиги технологияси ва ҳужайра муҳандислиги гибриди ҳисобланади, биз бемор иммун ҳужайраларини оламиз, улар ўсма ҳужайраларига қарши фаол кураша оладиган қилиб қайта ишланади.
Хорижда бундай терапия олиш ҳамма беморга ҳам насиб қилавермайди. Масалан, АҚШда бунинг учун уч юз-тўрт юз минг доллар маблағ керак бўлади. Хитойда нархи салгина арзон. CAR-T усулининг асосий босқичларини Қозоғистонга келтириш юртдошларимизга анча паст нархда хизмат қилиш имконини беради. Биотехнологиялар Миллий лабораториясида тегишли ускуналар харид қилинди.
Ерлан Раманқулов, Қозоғистон Республикаси таълим ва фан вазирлиги қўмитасига қарашли «биотехнология миллий маркази» республика давлат корхонаси бош директори:
- Давлат махсус тадқиқот грантлари, дастурлари беряпти. Биз бу йўналишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ишлаймиз. Ўта қиммат махсус ускуналарни харид қилиш учун маблағ олинди. Энди улардан фойдаланишни ўрганиш учун сармоя керак. Келгуси йил охиригача зарур материал ўрганилади, барча тегишли реагентлар сотиб олинади, жамланади, ғамланади, дастлабки олти нафар беморни даволашга киришилади.
Бунгача Биотехнологиялар Миллий маркази лабораториясида қатор клиник тадқиқотлар амалга оширилади. Олдинига бу терапия таъсири алоҳида ҳужайраларда, кейин жониворларда ва охирида беморларда қўлланади.
Айгерим Акимжанова, мухбир:
- Қозоғистонда қон ишлаб чиқариш ва лимфа тўқималари саратони билан ҳисобга олинган етти мингдан зиёд бемор бор. Бу касаллик кўпинча қон саратони дейилади. Ҳар йили яна мингтагача янги ҳолат аниқланади. Беморларнинг кўпчилигига ёрдам кўрсатилади, лекин уларнинг бешдан бир қисми CAR-T технологияси ёрдамига муҳтож.
Мутахассислар таъкидлашича, юқори технологияларни талаб қилувчи терапия фақат қон саратонига чалинганларни эмас, сурункали, аутоиммун ва юқумли касалликларни даволашда ҳам ишлатилиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси