Сифат борасида Президент мукофоти - «Алтин сапа» ғолиблари маълум бўлди. 15-юбилей тақдирлаш тадбири пойтахтда бўлиб ўтди. Унда Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирок этди. Президент ўз чиқишида таъкидлагани каби, танлов ўтказиб келинаётган йиллар мобайнида 150 дан ошиқ корхона энг яхши деб топилган. Давлат раҳбари сўнгги 10 йилда иқтисодиётда қайта ишлаш саноати улуши ортганини, тоғ-кон саноатини ортда қолдириб, 13 фоизга етганини айтди. Жорий йилда компаниялар «Энг яхши саноат лойиҳаси» ва «Энг яхши инновациявий лойиҳа» номинациялари бўйича тақдирланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Жорий йилда тақдирлаш маросими Мустақиллигимизнинг 30 йиллик юбилейига тўғри келгани катта рамзий маънога эга. Бу давр ичида Қозоғистонда бизнес ривожи учун барча шароитлар яратилди. Натижада, янги давр талабига жавоб бера оладиган тадбиркорларнинг бутун бошли авлоди шаклланди. Улар миллий иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланади.
Бундан ташқари, мукофот топшириш маросими чоғида «Париз» танлови гран-при соҳиблари номи эълон қилинди. Мукофотларни мамлакат бош вазири Асқар Мамин топширди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси