Қишлоқлар ҳудудидаги тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш хизмати ягона ахборот тизимига уланади. Натижада, қишлоқ аҳлига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти ошади. Шу билан бирга, қишлоқларда кадр етишмаслиги муаммоси ҳал этилади, шифокорлар малакаси оширилади. Ҳукумат йиғилишида Бош вазир Алихан Смаилов таъкидлашича, ушбу ва бошқа қатор чора-тадбирлар Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга доир давлат дастурида кўзда тутилган. Унинг доирасида 655 та биринчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш объекти қурилади ва қайта тикланади, 20 та туман шифохонаси қурилади, ишлаб турган 20 та объект модернизация қилинади.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- Бошқа дастурлар, масалан, «Овул эл бешиги» доирасида ҳам объектлар қурилиши давом этади. Умуман олганда, қишлоқ аҳолиси учун жами 700 та тиббий объект очилади. Лойиҳада кўзда тутилган чора-тадбирлар қишлоқ аҳоли манзилгоҳларида тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади. Шу сабабли, мазкур миллий лойиҳани маъқуллашингизни сўрайман. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли давлат органлари ва ҳокимликлар билан бирга миллий режада белгиланган чора-тадбирлар вақтида рўёбга чиқарилишини таъминласин.
Абдумалик Сарманов таржимаси