Қозоғистондаги энг яхши олий ўқув юртлари режали текширувдан озод қилинади. Бунда гап жаҳон рўйхатларига кирган ва иш берувчилар рейтингида 1-3-ўринларни эгаллаган ўқув масканлари ҳақида бормоқда. Бу ҳақда Маориф вазири Асхат Аймағамбетов Facebookдаги саҳифасида ёзган. Шунингдек, вазир Таълим вазирлиги раҳбари бўлган давридаги фаолияти натижаларини ҳам маълум қилган. Унинг сўзига кўра, сўнгги уч йилда Қозоғистонда фан ва олий таълим тизими янада самарали ва рақобатбардош бўлди. Жорий йилда илк маротаба мамлакатдаги 16 та олий ўқув юрти QS дунё рейтингига киритилди. Уларнинг умумий сони 2018 йилга қараганда икки марта ошган. Бунда университетларнинг рейтингдаги позицияси ҳам бирмунча яхшиланган.
Асхат Аймағамбетов, Қозоғистон Республикаси маориф вазири:
- Олий ўқув юртлари ўз намунаси асосида диплом бериш имконига эга бўлгани катта қадам бўлди, бу уларнинг сифатли кадрлар тайёрлашдаги масъулиятини оширади. Дипломларни сохталаштиришдан муҳофазаланиш учун имзо бўйича талаблар жорий этилди, эндиликда QR-технология кўмагида иш берувчилар дипломнинг ҳақиқийлигини сайтда текшириб кўриши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.