Қозоғистонда кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Тадбиркор минтақа» дастури ишга тушади. Бун Ҳукумат тасдиқлаган
ҳужжатга кўра, дастур моно- ва кичик шаҳарлар, қишлоқларда кичик ва
микробизнесни оёққа қўйишга қаратилган. Бундан ташқари, у технологик жиҳатдан оддий ва жадал
рўёбга чиқарилиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий самара берувчи
лойиҳаларга қаратилган. Қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари
тайёрлаш, ёғочга ишлов бериш, мебел ва қурилиш цехларига устуворлик берилади. Дастур доирасида йил
давомида 400 миллиард тенге кредит ажратилади, 2026 йилда 5 мингтадан зиёд лойиҳа ишга
тушиши мўлжалланган. Ишлар рақамли форматда амлга оширилади, egov.business ва Damu Online порталларии орқали ариза топшириш мумкин. Дастур 2028 йилгача 23 мингта кичик бизнес лойиҳасини рўёбга чиқариш
ва минтақаларда тадбиркорлик муҳитини яратишга қаратилган.
Серик Жуманғарин, Қозоғистон Республикаси Бош
вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири:
- Бугунги кунда қишлоқларда тадбиркорликни, шу жумладан, қайта ишлаш, ҳунармандчилик,
маҳаллий имкониятларга таянадиган кичик ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга
қаратилган «Овул омонати», «Битта қишлоқ – битта маҳсулот» дастурлари рўёбга
чиқариляпти. Ушбу
дастурлар доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шу
жумладан, қишлоқ хўжалик ширкатлари «Тадбиркор минтақа»
дастури доирасида қўшимча ёрдам олади, уларнинг субсидия, инфратузилма ва номолиявий давлат ёрдами билан боғлиқ
мурожаатлари устувор тартибда кўриб чиқилади.
Қозоғистонда
бизнес учун солиқ тизими соддалаштирилади
Бундан ташқари, Президент топшириқлари доирасида мамлакатда микро- ва кичик бизнес учун солиқ тизими соддалаштирилади. Янгича ёндашув Солиқ кодекси лойиҳасида кўрсатилган ва маъмурий юкламани
камайтиришни, тадбиркорлар билан сервис моделида ишлашни кўзда тутади. Ҳукуматда таъкидланишича, асосий эътибор рақамлаштириш, ҳисоботларни камайтириш, бизнесни ортиқча текширувлардан қўриқлашга қаратилган. Эслатамиз, Қозоғистонда
2 миллион 200 мингта кичик бизнес субъекти бор,
уларда 4 миллион одам ишлайди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг ҳамкори бўлиши зарур. Биргаликда бизнеснинг ҳалол ишлаши
ва солиқ тўлаши солиқ тўламасликдан кўра фойдалироқ бўладиган муҳит яратишимиз
керак. Бу йўналишдаги мажмуавий ишлар ўзаро
мувофиқлаштирилиши зарур. Биз барқарор ўсиш
учун рақамли майдончаларни ривожлантиришда,
маъмурий жараёнларни соддалаштиришда,
инклюзивлик ва кичик бизнесни барча зарур
воситалар билан таъминлашда давом этамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

