Қозоғистонда 12 миллиард доллар қийматга эга нефть-газ кимё лойиҳалари рўёбга чиқарилади. Улар орасида полипропилен, метанол, полиэтилен, асосий мойлар ва бошқалар ишлаб чиқарувчи заводлар бор. Лойиҳалар устида иш бошланган. Татаристонда бўлиб ўтаётган нефть-газ кимё форумида сўзга чиққан Қозоғистон Энергетика вазири Нурлан Нўғаев шундай баёнот берди. «Бу соҳадаги лойиҳалар муваффақиятли бўлиши учун биз давлат ёрдамига оид барча чора-тадбирларни амалга оширамиз. Ҳозир ҳукумат нефть-газ кимё соҳасига оид махсус инвестициявий шартнома ишлаб чиқмоқда. Унда мазкур соҳага киритиладиган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича катта енгилликлар кўзда тутилган», деб таъкидлади тегишли вазирлик раҳбари. Бундан ташқари, у бу йўналишда мамлакатимиз ва Россия ўртасида алоқалар ривожланиб бораётганини кўрсатди. Масалан, бутадиен ишлаб чиқарувчи завод қуришга оид қўшма лойиҳа маҳсулоти Европа, Туркия, Хитойга юборилади. Айни вақтда, республикада ароматик углеводородлар ва бензин октан кўрсаткичини оширувчи моддалар корхонаси муваффақиятли ишлаб турибди. Унинг маҳсулоти ички бозорда талабга эга, Хитой, Россия ва Ўзбекистонга экспорт қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси