Транспорт, барқарор энергетика, агробизнес, фармацевтика ва рақамли технологиялар. Астанада бўлиб ўтган бизнес-форумда Давлат раҳбари Қозоғистон ва Болгария ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишларини кўрсатиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев болгар компанияларини «Астана» халқаро молия маркази имкониятларини ўрганиш ва унинг экотизимига қўшилишга чақирди. Президент таъкидлашича, Европа ва Хитой орасида қуруқлик орқали ташилаётган юкларнинг 85 фоизи Қозоғистон орқали ўтяпти. Ўтган йилнинг ўзида Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши орқали 4 ярим миллион тонна юк олиб ўтилди, ўсиш 62 фоизни ташкил қилди. Қозоғистон ва Болгария агросекторда ҳам ҳамкорлик қила олади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларимиз дунёнинг 70 давлатига экспорт қилиняпти. Қозоғистон ҳар йили саккиз миллион тонна буғдой ва икки миллион тонна ун сотади, энг йирик дон экспортчилари қаторига киради. Биз болгариялик ҳамкорлар билан гўшт ва сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғи тайёрлай оламиз. Lekkerbek компаниясининг Чимкент шаҳрида гўштни қайта ишлашга инвестиция киритаётганини қутлаймиз. Бу лойиҳа минтақага замонавий технологиялар олиб келади ва экспорт салоҳиятини кенгайтиради.
Болгария бизнесменлари Қозоғистон жанубида қуриладиган гўштни қайта ишлаш корхонасига 20 миллион евро сармоя киритиш ниятида. Икки давлат тадбиркорлари бизнес-форумда шартнома имзолади. Бундан ташқари, болгариялик ҳамкорлар билан сут, асал, ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик режалаштириляпти. Мутахассислар фикрича, шу тариқа Қозоғистон инвесторлари учун Марказий Осиё бозорларини очиб беряпти.
Мадияр Султанбек, «Kazakh Invest» миллий компанияси бошқаруви раиси ўринбосари:
- Йирик трансмиллий компаниялар учун ички бозоримиз нисбатан кичик – атиги 20 миллион кишилик аҳоли бор. Лекин Марказий Осиё миқёсида олсак - 80 миллион кишига хизмта кўрсатиш мумкинлигини кўрамиз. Шунингдек, савдо йўлаклари туфайли Яқин Шарқ, Жанубий-Шарқий Осиё, глобал жануб, Европа Иттифоқи бозорларига чиқишимиз мумкин. Инвесторлар уларни ҳам ўз маҳсулотлари сотилиши мумкин бўлган бозорлар сифатида кўради. Шунинг учун географик жойлашувимиз, шаффоф бошқарув, сармоядорларга кўрсатиладиган ёрдам ҳам хорижлик инвесторлар учун муҳим.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Қозоғистон Болгарияга металлургия ва кимё саноати маҳсулотлари: мис, ферроқотишмалар, уран, нефть маҳсулотлари, рух ва алюминий экспорт қилади. Болгариядан эса фармацевтика, кимё ва электротехника, машинасозлик саноати маҳсулотлари олинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

