Қозоғистонда ижтимоий ҳамён жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу тизим аввалига пилот тартибида синаб кўрилади. Лойиҳа устида Савдо ва интеграция, Рақамли тараққиёт, Меҳнат вазирликлари ҳамда Миллий банк фаол иш олиб боряпти. Мутахассислар фикрича, электрон ҳамённинг қатор афзалликлари бор.
Ҳамён тизими барпо этилгач, қозоғистонликлар банкда ҳисоб очиши, навбатларда туриши шарт эмас. ИНН асосида маблағ автоматик шаклда фуқарога тегишли ижтимоий электрон ҳамёнга тушади. Бундай инновациявий тизим маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ижтимоий муҳим товарларни бевосита сотиб олиш ва коммунал тўловларни амалга ошириш имконини беради, дейди экспертлар. Шуни ҳам айтиш керакки, электрон ҳамёнлар биринчи навбатда манзилли ижтимоий ёрдам олаётганлар учун очилади.
Алия Рзаева, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги Рақамлаштириш департаменти директори ўринбосари:
- Ижтимоий тўлов олувчилар маблағини нақд пулга айлантириши ёки банккартасига ўтказиши мумкин. Пилот лойиҳа йил охиригача жорий этилиши режалаштирилган. Ҳамённи товар тарқатувчи тизим билан бирлаштирсак, давлат бюджетидан ажратилган маблағларни мамлакатдаги ишлаб чиқарувчиларга йўналтириш имконига эга бўламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси