Қозоғистон бозорида истеъмолчига сифатли Интернет тақдим этилиши учун рақобат бўлиши лозим. Пойтахтда давлат тузилмалари вакиллари ҳамда экспертлар давра суҳбати давомида телекоммуникация соҳаси ва рақамлаштиришни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди. Тегишли вазирлик вакиллари таъкидлаганидек, интернет даражасини ошириш учун текширув ўтказилди, хусусан, мобиль операторлари борасида ҳам. Натижада, интернет ва алоқа пастлиги сабабли маҳаллий операторлар 104 миллион тенге миқдорида жаримага тортилган. Таъкидлаймиз, яқиндагина давлат раҳбари мамлакатдаги интернет ва алоқа сифатини танқид қилган, истеъмолчиларни алдаганлик учун қонун доирасида санкция белгилашни топширганди. Ҳозирги пайтда тегишли ҳужжат республика Парламентида кўриб чиқилмоқда.
Жанат Нурғалиев, «Integrity Astana» нотижорат ташкилоти раҳбари:
- Пандемия сифатли интернетга оид муаммоларни очиб кўрсатди, буларни ҳал қилиш лозим эди. Шундай йўл борлигини кўряпмиз, бу рақобатни ривожлантириш. Бизда хизматини таклиф қилаётган бир нечта оператор-провайдер мавжуд. Маълумки, бозор қонуни шундай, қаерда рақобат бўлса, ўша ерда ўз-ўзидан истеъмолчи учун кураш ҳам бўлади. Бундан ташқари, айни пайтда жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун лойиҳаси тасдиқланиш босқичида, у фуқароларга интернет сифати мониторингини амалга ошириш, бунда иштирок этиш имкониятини тақдим этади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси