Қозоғистон ва Тожикистон ўтган йили 910 миллион долларни ташкил қилган товар айланмасини бир неча марта ошириш ниятида. Шуни айтиш керакки, республика жанубдаги қўшнисига дон, табиий газ, нефть маҳсулотлари, ёғ ва макарон маҳсулотлари етказиб беради. Экспорт рўйхатига тез кунларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган трансформаторлар қўшилади. Душанбеда бўлиб ўтган қўшма бизнес-форумда томонлар шу ҳақда шартнома тузди.
Еркебулан Ильясов, Компания директорлар кенгаши раиси:
- Жами 1 миллион АҚШ долларига контракт тузилди. Сонига қараб ҳисобласак, 4 дона 110 киловольт қувватли трансформатор сотилди. Бу трансформаторлар шаҳар объектларига, эски подстанцияларни алмаштириш ва мавжуд подстанциялар қувватини ошириш учун етказилади.
Мутахассислар ҳисобига кўра, Қозоғистон 2020 йилда экспорт қилган маҳсулот умумий қиймати 757,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Нурали Бўкейханов, Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази бош директор ўринбосари:
- Қозоғистон одатда Тожикистон бозорига дон маҳсулотларини етказиб беради. Масалан, дон, ун, қандолат маҳсулотлари. Биздаги қандолат корхоналарининг барчаси ўз маҳсулоти билан бу мамлакатда савдо қилади, ваколатхоналарини очган. Сиз Душанбедаги ҳар қандай супермаркетда Қозоғистондан келтирилган маҳсулотларни учратишингиз мумкин. Шу билан бирга, Тожикистон истеъмолчиларига тухум, парранда, қўй, мол гўшти ҳам етказиб берилади.
Бизнес-форумда турли соҳаларда иш юритувчи 20 дан ортиқ мамлакатимиз компаниялари ўз маҳсулотларини тақдим этди. Бугунги кунда қўшни давлат темирйўлларида иккита Қозоғистон локомотиви ишлаяпти. Музокаралар якунига кўра, яна тўрттасини олиш тўғрисида янги шартнома тузилди. Лойиҳанинг умумий қиймати – 10 миллион доллар.
Жумахонзода Жамшед Жўрахон, Тожикистон савдо-саноат палатаси раиси:
- Менимча, нарх ва сифат нисбати маълум даражада таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, корхоналаримиз ўртасида узоқ муддатли тарихий муносабатлар борлигини унутмаслик лозим. Қозоғистон Республикаси маҳсулотлари маълум даражада обрў-эътиборга эга.
Душанбеда «Хавфсиз шаҳар» тизими ишлаб турибди. Йўлларга ўрнатилган камералар қоида бузилишларини анча камайтиради. Шаҳарда жамоат жойларида юз бераётган воқеаларни кузатиб бориш ҳақида ўйланяпти. Шунинг учун Қозоғистонда амалга оширилаётган «Сергек» лойиҳаси тожикистонликларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Томонлар бу борада ҳамкорлик ўрнатиш ниятида. Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги кунда Қозоғистонда тожик бизнесменлари иштирокида 400 компания очилган, 4та қўшма корхона ишлаб турибди.
Абдумалик Сарманов таржимаси