Глобал исиш ўз қоидаларини жорий этмоқда. Сув танқислиги, бутун дунё бўйлаб қурғоқчилик айни пайтдаги COVID пандемияси келтирганидан кўра каттароқ зарар бериши мумкин. БМТ экспертлари шундай хулосага келган. Бунда, маълумотларга қараганда, хатар глобал ҳарорат ортишига кўра ўсади. Мазкур бутунжаҳон муаммоси Қозоғистонни ҳам чеклаб ўтмади. Сўнгги йиллардаги иқлим ўзгариши аномал ёғинларга олиб келди, масалан, бир ойлик ёғин миқдори икки кунда ёғади. Бундан мамлакат иқтисодиётининг барча соҳалари, айниқса, қишлоқ хўжалиги зарар кўрмоқда.
Лаура Маликова, Амалий экологлар ассосиацияси бошқарув раиси:
- Қозоғистонда айни пайтда қишлоқ хўжалигидаги яйлов ерларнинг 20 фоизи деградацияга учраган. БМТ вакиллари қурғоқчилик навбатдаги пандемияга айланиши мумкинлигини айтмоқда, шунга мувофиқ, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги хавф остида қолади, бу қишлоқ хўжалиги, агросаноат мажмуасига таъсир қилади.
БМТ ҳисоб-китоблари бўйича, 20 йилдан камроқ қурғоқчилик даврида кўрилган иқтисодий зарар 124 миллиард доллардан оз эмас, бир ярим миллиарддан ошиқроқ одам зиён кўрган. Қозоғистонлик метеорологлар бераётган прогноз ҳам кўнгилга таскин бермайди: мамлакатнинг бир нечта минтақасида бутун июнь давомида жазирама ҳукм суради, бу эса экстремал қурғоқчиликка олиб бориши мумкин.
Ерболат Муқанов, «Казгидромет» ҳдт бошқарув раиси:
- Прогнозга кўра, қурғоқчил шароит кутилади, эҳтимол, Ақтўбе, Қўстанай вилоятларида, Манғистау вилоятининг бир неча туманида, шу жумладан, Шарқий Қозоғистон ва Ақмўла вилоятларида ҳам экстремал қурғоқчилик кузатилиши мумкин. Жорий йилдаги ҳолат шундай бўлади, ҳарорат юқори, ёғин эса кам.
Шунга қарамай, вазиятдан чиқиш йўллари ҳам мавжуд. Бироқ, маҳаллий экологлар фикрича, зарур чоралар ҳозирнинг ўзидаёқ қабул қилиниши лозим.
Лаура Маликова, Амалий экологлар ассосиацияси бошқарув раиси:
- Биз йирик ва майда шохли чорва учун қулай бўлган яйлов майдонларини таъминлашимиз, молларни ўтлатиш меъёрларига амал қилишимиз керак, қолаверса, регенератив қишлоқ хўжалигига ўтиш лозим. Бунинг учун фақат экологик чоралар эмас, ердан фойдаланиш, ер майдонларини бошқаришда ҳам қандайдир ўзгаришлар зарур бўлади.
Айтиш жоиз, БМТ маълумотларига қараганда, яқин юзйилликда Африка, Марказий ва Жанубий Америка, Марказий Осиё, Жанубий Австралия,
Жанубий Европа, Мексика ва Қўшма Штатларнинг катта қисмида тез-тез ва кучли қурғоқчилик юз бериши мумкин. Экспертлар табиат билан уйғун муносабатларни тиклашга даъват этишдан толмайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси