Туркистон вилоятида яшовчи қозоғистонлик ҳунарманд қадимий анъанавий санъатни ривожлантиряпти. Нурсултан Пернесеитов миллий орнаментлар туширилган ёғоч буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Уста табиий материалдан турли идиш-товоқлар - коса, астау, чўмич ва бошқаларни, шунингдек, мебеллар ясайди. Уста давлатдан олинган грант ҳисобига дарахтга ишлов берувчи ускуналар харид қилди ва устахонасини кенгайтирди. Унинг таъкидлашича, ёғоч буюмларнинг харидори кўп.
НУРСУЛТАН ПЕРНЕСЕИТОВ, ДУРАДГОР:
- Аввало компьютер дастури ёрдамида керакли нарсани чизиб оламиз. Сўнг дастгоҳга улаймиз. У ишни мустақил давом эттиради. Биз фақат пичоқларни алмаштириб туришимиз зарур, биттасини кесиши учун икки соатгача вақт кетади. Хомашё аҳолидан олинади.
Уста ўз ишида фақат ёнғоқ ёғочидан фойдаланади. Нурсултан Пернесеитов маълум қилишича, у бошқа ёғоч турларига нисбатан пишиқ ва узоқ вақт хизмат қилади. Ишга киришишдан олдин материалга ишлов берилади, уни қуритишнинг ўзига бир йил вақт кетади. Қадимий санъат сирларини Нурсултан Пернесеитов бобосидан ўрганган. Уста қадимий касбни қайта тиклаш баробарида унинг сирларини ёшларга ҳам ўргатиш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси