Қозоғистонда хорижликлар учун казино очилади

Қозоғистонда хорижликлар учун казино очилади

Қозоғистонда хорижликлар учун казино очилади. Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилишича, уни Алмати, Манғистау ва Жетису вилоятларидан бирида очиш режалаштириляпти. Эслатамиз, Қозоғистоннинг бу минтақаларига сайёҳлар жуда кўп келади. Вазирлик эҳтимолий инвесторларни саралаяпти. Улар қаторида Хитой, Европа ва Россия компаниялари бор. Мазкур компаниялар учун махсус имтиёзлар кўзда тутилади. Масалан, ўйин столлари ва автоматлари учун тўловни камайтириш, ўйинчиларни солиқдан озод қилиш кўзда тутилган. Экспертлар халқаро тажрибага асосланган ҳолда казино ва қимор ўйинлари зоналари туризм ривожланишига олиб келишини таъкидлайди. Мамлакат ҳудудида салмоқли пул сарфлаш ва сармоя киритишни кўзлаган бадавлат хорижликларни жалб этиш бу йўналишда катта самара беради.

Адилет Турғанбаев, Ўйин бизнеси ва лотереяларни тартибга келтириш қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи:

- Туризмни ривожланиш доирасида бу имкониятни фақат хорижликлар учун яратишни ўйлаяпмиз. Яъни Қозоғистон фуқаролари ўйинларда қатнашиши тақиқланади. Уларнинг қатнашишига йўл қўйган казиноларни жазолаймиз, лицензиясини олиб қўямиз. Маҳаллий инвесторлар ҳам керак, чунки хорижлик сармоядорлар таваккаллар  маҳаллий вакиллар билан тақсимланишини истайди. Биз уларни топамиз ва учраштирамиз. Тегишли меъёрлар ишлаб чиқилди, давлат органлари билан иш олиб бориляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси