Транспорт вазирлигида Яқин Шарқ
давлатларида қолиб кетган Қозоғистон фуқароларини олиб кетиш масаласи муҳокама
қилинди. Куни-кеча тезкор штаб
йиғилиши ўтказилди. Таъкидлаш лозимки, бир неча минг нафар қозоғистонлик самолётлар учмаётгани ёки вазият
беқарорлиги сабабли Эрон, Исроил, Бирлашган Араб амирликлари, Баҳрайн, Қувайт,
Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Уммон, Ироқ ва Ливанда қолиб кетди. Қозоғистон
авиакомпаниялари бу давлат ҳаво йўллари очилган тақдирда самолётлар ажратишга
тайёр. Эвакуация масаласи хорижий давлатларнинг
раҳбарияти ва тегишли органлари билан мунтазам алоқада бўлган Транспорт ва
Ташқи ишлар вазирликлари томонидан мувофиқлаштириляпти. Қозоғистон элчихоналари
кучайтирилган иш тартибига ўтказилди, фуқароларга консуллик ёрдами кўрсатиляпти.
Минтақада, транзит зоналаридаги Қозоғистон фуқаролари рўйхатлари янгиланяпти.
Тезкор алоқа линиялари ишга тушди. Дипломатик идоралар вакиллари туристик компаниялар билан
бирга аэропортларда ва транзит зоналарида қолиб кетган фуқароларни
жойлаштиришга ёрдамлашяпти. Жабрланган қозоғистонликлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Абдумалик Сарманов таржимаси

