Astana Hub акселерация дастурлари натижаларини тақдим этди

Astana Hub акселерация дастурлари натижаларини тақдим этди

Қизиқишларни таҳлил қилиш ва психологик қўллаб-қувватлашдан тортиб, касб танлашга кўмаклашишгача бўлган барча имкониятлар маҳаллий сунъий интеллект платформаси орқали амалга оширилиши мумкин. Қозоғистоннинг WeGlobal.ai ишланмаси ўсмирларнинг муайян мутахассисликка бўлган қизиқишини эрта босқичларда аниқлаш, шунингдек, қўшимча эътибор талаб этувчи йўналишларни белгилаш имконини беради. Илгари мактабларда бу иш ойига бир неча марта ўтказилса, ҳозир ўқувчиларнинг психо-эмоционал ҳолатини битта тест орқали баҳолаш мумкин. Бу эса ҳар бир ўқувчи шахсиятига мос таълим бериш ва иш самарадорлигини ошириш имконини яратади. EdTech стартапи пилот лойиҳа сифатида ишларкан, у кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ҳозир мазкур инновациявий ечимдан Қозоғистон бўйлаб мингтага яқин таълим муассасалари фойдаланмоқда. Шу билан бирга, майдонча хорижий таълим муассасалари эътиборини ҳам жалб этди.

Ақжўл Замбаев, Weglobal AI лойиҳаси ҳаммуассиси ва бош директори:

– Ўзбекистон ҳам майдончамиз иши билан қизиқиб қолди. Ҳамкорларимиз билан уни Тошкентда жорий этамиз. 21 январда Англияга борамиз. Ундаги мактаблар ҳам қизиқиш билдирди.

Astana Innovations Accelerator дастури иштирокчиси бўлган 13 та стартап ҳам ўз ғояларининг ҳаётийлигини, кенгайтиришга тайёр эканини намоён этди. Лойиҳалар тиббиёт, таълим, шаҳар инфратузилмаси ҳамда хавфсизлик соҳаларида Ай-ти ечимларни таклиф этмоқда. Astana Hub маълум қилишича, дастлабки 160 та мурожаат ичидан 21 та технологик ечим саралаб олинган. 8 ҳафта давомида жамоалар ўз ишланмаларини пойтахт эҳтиёжларига мослаштирди. Ҳозир ушбу ечимлар Астанада пилот тартибида қўлланяпти.

Ашимбек Абилгазинов, Astana Hub Бизнес-дастурлар офиси бош менежери:

– Пилот лойиҳа туфайли янги имкониятлар очилади. Шу жумладан, тендерларда қатнашиш осонлашади. Ҳокимликлар эса бюджет харажатини камайтиради. Стартапларнинг кўпчилиги шунга қаратилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси