Қозоғистонда ер ости бойликларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида қонун қабул қилинди

Қозоғистонда ер ости бойликларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида қонун қабул қилинди

Қозоғистонда миллий компанияга янги уран конларини ўзлаштириш бобида устувор ҳуқуқлар берилади. Сенат ер ости бойликларидан фойдаланишга оид қонунни маъқуллади. Ҳужжатдан мақсад – геологик тадқиқотлар ўтказиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, уран соҳасида давлат манфаатларини ҳимоя қилиш. 2024 йилда дунёдаги қазиб олинган ураннинг 40 фоизи - 23 минг тонна маҳсулот Қозоғистон улушига тўғри келди. 1,3 миллион тоннадан зиёд уран захираси мавжудлиги аниқланган. Хорижий бозорларга олтита кон маҳсулоти юборилади.

Шакарим Буқтуғанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:

- Ядро ёнилғисига талаб ортиб бораётганини, мамлакатда янги атом электр станциялари қурилишини ҳисобга олган ҳолда ураннинг стратегик аҳамиятини ҳисобга олишимиз керак. Қонунда уран захиралари мавжуд бўлган ҳудудда бошқа қазилма бойликларни ахтариш, уран қазиб олинаётган ҳудудда бошқа разведка ишларини тақиқлаш кўзда тутилган. Бу меъёрлар уран жамғармаси устидан давлат  назоратини кучайтириш, ишлаб чиқарувчилар манфаатлари ўртасида зиддият туғилмаслиги учун киритилди.

Қонунда кам ўрганилган ҳудудларда геологик разведка олиб боришнинг ўзига хосликлари, жадаллашган аукцион ўтказиш қоидалари кўрсатилган. Мураккаб технология талаб этувчи сланецли нефть конларида маҳсулот қазиб олиш механизмлари кўзда тутилган. Қонунга кўра, бу соҳага молия ва технология жалб этишни истаган иинвесторлар учун такомиллаштирилган шартнома модели тақдим этилади.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:

- Алоҳида иловаларда бундай ҳудудларда ишлашни истаган инвесторларни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўзда тутади. Айни вақтда, уран саноатида миллий манфаатларни муҳофаза қилишга қаратилган меъёрлар бор. Қонун углеводородлар ва уран қазиб олиш каби етакчи соҳаларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси