Қозоғистонда экологик муаммолар бартараф этиляпти

Қозоғистонда экологик муаммолар бартараф этиляпти

Қозоғистондаги алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдони салкам 31 миллион гектарга етди. Экология ва табиий захиралар вазирлиги берган маълумотга кўра, мустақиллик йилларида мавжудларини кенгайтириш ва янгиларини шакллантириш туфайли бунга эришилди. Шунингдек, мамлакатда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш мақсадида ноёб ёввойи ҳайвон турлари популяцияси ўсган. Улар қаторида тўқай кийиги, қулон, архар ва жайрон ҳам бор. Республикада илвирслар сонини тиклаш ишлари амалга ошириляпти. Қор барслари тарқалган ҳудудлар ҳам алоҳида қўриқланади. Жониворларни ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш учун фотоқопқон ва ер йўлдошларидан фойдаланиляпти.


Ерлан Нисанбаев, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазири:


- 90-йилларда қирилиб кетиш хавфи остида қолган қор барсларини муҳофаза қилиш туфайли улар сони 2 марта ошди ва ҳозир 180 тага етди. Бу турни сақлаб қолиш бўйича ишлар давом этяпти, трансчегаравий ва халқаро форматдаги ҳамкорлик фаол ривожланяпти.


Бундан ташқари, Қозоғистонда Турон йўлбарси популяциясини тиклаш ишлари амалга ошириляпти. Иле-Балхаш давлат табиат резервати ташкил қилинди. Нидерландиядан 2 та жонивор келтирилди. 2025 йилда улар сони кўпаяди. Россиядан яна 3-4 та йиртқич келтирилади. Пржевальский отини реинтродукция қилиш ишлари олиб бориляпти. Чехиядан 7 таси келтирилди, 2029 йилгача улар сони 40 тага етиши мўлжалланган. Таъкидлаш лозимки, сайғоқлар популяциясини тиклаш бўйича муваффақиятли тажриба ниҳоясига етди. Ҳозир уларнинг умумий сони 3 миллионтага етди. Лочинларни кўпайтиришга алоҳида эътибор бериляпти. Вазирликда бу қушнинг сонини кўпайтириш ва уларни табиий муҳитга чиқаришнинг самарадорлигини аниқлаш бўйича тадқиқотлар давом этяпти. 


Ерлан Нисанбаев, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазири:

- Бу мавзуларнинг Олий илмий-техник комиссияси йиғилишида кўриб чиқилишини кутяпмиз. Сўнгра Республика бюджет комиссиясига чиқамиз. Айни вақтда, лочин популяциясини самарали тиклаш учун қайта кўпайтириш маркази ташкил қилиниши зарур. Бу масалани шу кунларда халқаро ҳамкорларимиз билан кўриб чиқяпмиз.


Шу билан бирга, Қозоғистон Қизил китобни янгилаш ниятида. Янги рўйхатни ташкил этишда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқинингг хатарларни баҳолаш критерийларидан фойдаланилади, ноёб ва йўқолиб бораётган турлар бўйча электрон маълумотлар базаси ташкил қилинади, расмий веб-портал ишга тушади. Бундан ташқари, зоологлар ва филологлар учун Атамашунослик комиссияси ташкил этилади. Уларда жониворлар номларига аниқлик киритилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси.