Қозоғистонда блокчейн мутахассислари тайёрланади

Қозоғистонда блокчейн мутахассислари тайёрланади

Қозоғистон глобал блокчейн хабига айланиши мумкин. Республикада таълим ташаббуслари ишга туширилгани маълум қилинди. Лойиҳада 22 та олий таълим даргоҳи қатнашади. Талабалар 2023 йил сентябридан блокчейн муҳандислиги ва блокчейн курсини ўқийди. Февраль ойида ўқитувчиларни тайёрлаш ишлари бошланади. Бу иш май ойида якунланади. Дастур тўрт босқичда рўёбга чиқарилади. 2026 йилгача жами 40 минг талаба бу касбни эгаллаши кутилмоқда.

Нурбек Сапархўжаев, Қозоғистон Республикаси фан ва олий таълим вазирлиги қўмита раиси ўринбосари:

- Олдинига биз алоҳида фанлар бўйича курсларни ўтказамиз. Келажакда эса фақат блокчейн технологиялар эмас, иқтисодиёт бўйича ҳам мутахассислар тайёрлашга киришамиз. Иқтисодчи, молиячи,  блокчейн муҳандислиги ёки дастурчиликни ўзлаштириш мумкин бўлади. Магистратура очилади. 2025 йилда дастлабки блокчейн муҳандислиги мутахассислари магистратурани тугатади. Бизнинг ҳисобимизга кўра, 2 минг нафар талаба илм олади.

Жаслан Мадиев, Қозоғистон блокчейн экотизими бош менежери:

- Бу лойиҳа глобал аҳамиятга эга, жаҳон миқёсида таъсир кўрсатади. Мамлакат ва Марказий Осиё учун кучли туртки бўлади. Блокчейн иқтисодиётнинг ҳар қандай соҳасини, жумладан, давлат хизматларини такомиллаштиради. Блокчейндан фойдаланиш шаффофлик ва ҳисобот, мукаммаллик ва жараёнлар автоматлашувига олиб келади. Бизнесда ҳам, давлат секторида ҳам. Давлат тизимлари самарадорлигини оширади. Бундан ташқари, рақамли ўзига хосликни таъминлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси