Қозоғистонда тадбиркорларга
тушадиган маъмурий юклама камайтирилади. Давлат томонидан бизнесни назорат
қилишнинг янги тизими тўғрисида қонун лойиҳаси парламент палатасининг депутатлари
томонидан маъқулланди. Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров ҳужжатни
тақдим этаркан, унда бизнес билан муносабатларда жазо эмас, ҳуқуқбузарлик
олдини олишга эътибор берилишини айтди. 326 та ўзгариш ва қўшимчалар қонунчилик
даражасида назорат ишларини, жадал кўриладиган чораларни белгилаб беради. Вазир
таъкидлашича, шундай бўлгани ҳолда тадбиркорлар фаолияти учун масъул бўлиши
лозим. Акс ҳолда, уларнинг бутун фаолияти тафтиш қилиниши мумкин.
Алибек Қуантиров,
Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:
- Бизнес объекти,
субъекти қўпол равишда қонунни бузса, давлатга, фуқаролар ҳаёти ва
саломатлигига, экология, миллий хавфсизликка
зарар етказса «кутилмаган меҳмонлар» келиши мумкин. Олдиндан хабар бериш
иш бермайдиган ёки огоҳлантириш имконсиз бўлган вазиятларда жадал ҳаракатлар
билан жиноятнинг олдини олиш мумкин бўлса, текширувчилар кела олади.
Мажилис депутатлари эътиборига тадбиркорлар билан боғлиқ яна бир қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжат маҳсулот экспорти билан шуғулланувчиларга оид. Давлат раҳбари топшириғига кўра, уларни қўллаб-қувватлаш учун Қозоғистонда Kazakhеxport базасида экспорт-кредит агентлиги тузилади. Тегишли қонун лойиҳасида 36 та янги банд бор. Депутатлар лойиҳани тасдиқлади ва Сенатга юборди. Ҳужжат келгуси йилнинг биринчи чорагида кучга кириши мумкин.
Руслан Қўжасбаев,
Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий
тараққиёт қўмитаси аъзоси:
- Бу қонун лойиҳаси
нохомашё товарлар экспортчилари, оддий тил билан айтганда, маҳсулотни қайта
ишлаб, хорижга сотаётганларни қўлаб-қувватлашга мўлжалланган. Бугунги кунда
қайта тузилган экспорт-кредит агентлиги ваколатларини кенгайтиряпмиз. Давлат
томонидан бизнесменларни қўллаб-қувватлашга қаратилган учта воситани тақдим
этдик. Улар ичида кафолатлаш, фоиз ставкасини камайтириш учун субсидия бериш, Қозоғистон
ҳудудида ҳамда хорижий бозорларда бизнесни илгарилатиш ҳам бор.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.