Қозоғистонда биринчи марта ёш дин етакчилари форуми ўтказилди

Астана яна бир марта дунё миқёсида эзгулик йўлида эътиқодлар мулоқот майдончасига айланди. Астанага бу сафар 30 нафардан кўпроқ ёш дин етакчилари тўпланди. Биринчи форумда ислом, христиан, буддавийлик, даосизм, синтоизм ва индуизм вакиллари қатнашди. Ёшлар дин ва маданиятлар мулоқоти мавзусида қатор муҳим масалаларда фикр билдирди, тажриба алмашди. Янги технологиялар замонида диннинг аҳамияти  муҳокама қилинди. Тажрибали катта бўғин вакилларининг панд-насиҳатини тинглади. Экспертлар фикрича, бундай ташаббус ёш етакчилар ўртасида ҳар томонлама мулоқот шаклланишига сабаб бўлишига олиб келади.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:

- Сизлар биргаликда дунёда тараққиёт ва бирдамлик, тотувлик ўрнатилишига улушингизни қўшасиз. Биз ёшларнинг шижоати, ижодкорлиги, салоҳияти ва дунёни янада яхшироқ қилиш истагига ишонамиз. Форум сиз учун етакчилик йўлида муҳим давр бўлишига ишончимиз комил. Бу майдонча барқарор ва ривожланган дунёни шакллантириш йўлидаги масъулиятли миссияларингизни амалга оширишингиз учун хизмат қилади, деб ишонамиз.

Рудракша Сакрикар, «Somaiya Vidyavihar» университети профессори, Ҳиндистон:

- Бугунги форум – Қозоғистон ҳукуматининг ўта муҳим ташаббуси. Бу ёшлар диний-маънавий анъаналарга тегишли мавзулардаги тадқиқотларда иштирок этиши учун йўл очади. Мен форум қатнашчиларини бизнинг институтимизда индуизм қадриятлари ва конфессиялараро мулоқотни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган турли чора-тадбирлар билан таништирдим. 

Абдумалик Сарманов таржимаси