Қозоғистонда кўчманчиларнинг қадимий тиббиётини тиклаш режалаштирилмоқда. Фитодаволаш усуллари дашт дунёсида азалдан қўлланилган. Биологлар шифобахш ўсимликлар салоҳиятини очмоқчи. Улар маҳаллий кўкатларни ўрганяпти.
Виктор Камкин, биология фанлари номзоди:
- Бу ўсимликларнинг фармацевтик, фармакологик таъсири инсон организмининг деярли барча касалликларини қамраб олган. Агарда бизда ўсимликларни плантацияларда етиштириш йўлга қўйилса, ички эҳтиёжларни тўла қоплаймиз ҳамда ўсимликлардан олинган турли биоқўшимчалар билан ташқи бозорларга чиқа оламиз.
Масалан, қизилмия илдизининг 100 грамми Европа бозорида 8 еврога боради.
Энг истиқболли ўсимликлардан бири Павлодар минтақасида ўсади. Иван-чой инжиқ эмас, коронавирус касаллигининг барча симптомларини даволашда қўл келади.
Айдана Қамарова, докторант, биолог:
- Биз торбаргли кипрейдан, унинг барглари ва гулларидан чой тайёрлаймиз. У фойдали ичимлик – фиточой бўлади. Ҳеч қандай зарарли жиҳати йўқ. Организмга фақат фойда беради. Мазаси жуда ёқимли.
Ўсимликлар фармакологиясини ривожлантиришдан олинадиган яна бир – фойда – замин ҳосилдорлигини кўтариш. Маълумки, далалар саҳроланиш, шўрхокланишга мойил бўлади. Сўнгра уларда на дон, на сабзавот етиштириш мумкин. Фермерлар учун бу ерлар бефойда бўлиб қолади. Олимлар эса шўрхок ерларда ўса оладиган доривор ўсимликларни етиштиришни таклиф этяпти. Бундан ташқари, мутахассислар таъкидлашича, ўсимликлар асосида дори-дармонлар саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши экологик туризм ривожланишига ҳам туртки бериши мумкин. Уларнинг фикрича, фитомаҳсулотлар дегустацияси, уларнинг ўсишини кузатиш, тайёр маҳсулотни сотиш катта даромад беради.