Қозоғистонда ишланган «Дунё манзараси» арт-лойиҳаси Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Ишланма Дубайда ўтган ЭКСПО кўргазмасидаги миллий павильонда намойиш этилди. Дунёнинг 193 давлатидан икки мингдан зиёд одамнинг қўли теккан ушбу ноодатий полотно жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортди. Картина унда мўйқалам юрғизган, сўнг уни занжир халқаси ўлароқ бошқаларга етказган кўп сонли одамлар қатнашган лойиҳа сифатида халқаро эътирофга сазовор бўлди. Асарда Голливуд актрисаси Бай Лин, америкалик боксчи Рой Жонс, қозоғистонлик режиссёр Тимур Бекмағамбетов ва велосипедчи Александр Винокуров, шунингдек, россиялик хонанда Валерия каби машҳурлар чизгиларини кўриш мумкин. Лойиҳанинг ўзига хослиги яна шундаки, холст ўлчами Ер шарининг кичрайтирилган физик параметрларини акс эттирган. Унинг мақсади сайёра аҳлини бирлаштиришга қаратилган. Асарда жами бўлиб, 2020 киши из қолдириши кутиляпти.
Даут Шайхисламов, лойиҳа муаллифи:
- Биз уни Қозоғистонга, Япония, Австралия ва Америкага олиб боришни истардик. Бу жаҳон картинаси, уни бутун дунё кўриши керак. Бу ерда тез орада «Арт-Дубай» кўргазмаси ўтказилади. Асаримизни шу кўргазмада намойиш этишни истаймиз. Бир қизиқ ҳолат бўлди, ёнимизга японлар келишди, улар картинани қизиқиш билан узоқ томоша қилишди. Маълум бўлишича, Японияда кўргазмага тараддуд кўриляпти. Осокада «ЭКСПО-2025» кўргазмаси ўтказилади. Улар бизга қизиқарли коллаборацияни таклиф қилишди, яна шундай жамоавий, ижодий, кенг миқёсли лойиҳа ўйлаб топишимиз мумкин, демак, тайёргарлик кўрамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси