Қозоғистон пойтахтида ўтадиган мессада 10 минг одам қатнашади

Қозоғистон пойтахтида ўтадиган мессада 10 минг одам  қатнашади

Жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчиларининг 7-съезди доирасида Рим Папаси иштирокида Қозоғистон пойтахтида ўтадиган мессада 10 минг одам қатнашади. Уч минг нафардан зиёд католик зиёратчилардан ташқари, диний маросимда бошқа фуқаролар ҳам қатнашиш истагини билдирмоқда. Аҳоли ушбу тадбирда қатнашиш учун фаол рўйхатдан ўтяпти. Анжуман расмий вакили Назим Жанғази таъкидлашича, ушбу тадбирга ташриф буюришни истовчилар сони ортиб боряпти.

Назим Жанғази, жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчилари 7-съезди  расмий вакили:

- Биринчидан, съездга келаётган делегациялар сони 3 марта ошди, бу катта кўрсаткич. Ушбу анжуман пандемиядан кейинги дастлабки глобал воқеа, дейиш мумкин. Съезднинг биринчи қисми якунлангач, соат 16:15да «Экспо» яқинида Рим Папасининг улкан мессаси ўтказилади. Ушбу кунда бутун дунёдан зиёратчилар келиши кутиляпти.  Улар Рим Папаси билан бирга ибодат қилиш учун Европа, Ўзбекистон, Қирғизистон, Россиядан келади. Бундан ташқари, пойтахтга Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидан ҳам одамлар ташриф буюради. Айниқса, Қарағандидан келаётганлар кўп.

Нотиқ фикрича, глобал кўламга эга тадбир бўлиб ўтаётгани мамлакатнинг туристик ва инвестициявий салоҳиятига ижобий таъсир қилади.

Назим Жанғази, жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчилари 7-съезди  расмий вакили:

- Рим Папаси ўз делегацияси билан бирга, тахминан минг нафар одам билан келади. Шунинг ўзи Қозоғистонда туризм ривожига туртки бера олади. Ушбу делегация билан бирга бутун дунёдан оммавий ахборот  воситалари вакиллари ташриф буюради. 180 нафардан зиёд журналистлар қаторида СNN, Euronews, Bloomberg, Al-Jazeera каби медиа-гигантлар вакиллари ҳам бор. Шу тариқа, бутун дунё республикамиз ҳақида гапира бошлайди.  Бу анжуман Қозоғистонга инвестиция жалб этиш учун ҳам яхши имконият.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.