Қозоғистон стартапи саноат соҳасида янгилик бўлди

Қозоғистон стартапи саноат соҳасида янгилик бўлди

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, яроқсиз маҳсулотни камайтириш ва ускуналар бўш туриб қолишини қисқартириш. Қозоғистонлик мутахассислар маълумотларни қайта ишлаш ва саноатда “интернет буюмлар”ини жорий этишга қаратилган ўзига хос платформа ишлаб чиқишди. Тизим кончилик,  нефть-газ ва қайта ишлаш тармоқларида фаолият юритувчи корхоналарда ҳам ишлаб чиқариш, ҳам бизнес жараёнларини оптималлаштириш имконини беради. Унинг тамойили оддий: махсус асбоблар ёрдамида у фақат йиғувни амалга оширибгина қолмай, маълумотларни таҳлил ҳам қилади. Хом ашё ва энергия ресурсларининг сизиб чиқиши, ортиқча сарфланишини аниқлашга ҳам қодир. Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи иш жараёнида платформа кўмагида барча нуқсон ва хатоликларни ҳисобга олиши мумкин.

Ержан Жанзақов, IT-ечимлар бўйича Қозоғистон компанияси раҳбари:

- Биз саноат корхоналари ишини ташкил этиш ва оптималлаштириш учун сунъий интеллект элементларидан фойдаланамиз. Тўрт йилдан бери фаолият юритяпмиз, компания ишлаб турибди. Қозоғистонда 10 га яқин лойиҳа амалга оширилди, ушбу лойиҳалар анчагина йирик ташкилотлар билан боғлиқ, барчасида имкон қадар корхоналарда рақамли ҳамда дастурий ечимларни жорий этишнинг самарадорлигини кўрсатишга интилдик. 

Ўтган йили бўлиб ўтган инновациявий грантлар танловидаги ғалаба туфайли компания ўз имкониятларини кенгайтиришга эришди. Дарвоқе, лойиҳаларни танлаб олишда асосий талаб «ноу-хау» тушунчасига мувофиқ қўйилган. Эндиликда компания қўшни давлатлар бозорига чиқишга ҳам тайёр.

Ержан Жанзақов, IT-ечимлар бўйича Қозоғистон компанияси раҳбари:

-  Қозоғистон учун бундай маҳсулотлар салоҳияти жуда юқори, бу шу каби ечимларни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш имкониятидир. QazInnovations доирасидаги грант маблағлари тахминан 40 миллионга тенг эди, бу қўшма молиялаштириш, натижада маблағ 55 миллионга тенглашди, катта қисми ишлаб чиқишга, дастурий таъминотни охирига етказишга кетди, жумладан, ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун биздан ускуналар сотиб олинди.

Ўз истиқболларини кенгайтириш истагида бўлган бошқа ва шунга ўхшаш стартап-компаниялар учун республикада инновацион грантлар танлови муддати узайтирилди. Қатнашиш учун 15 сентябрга қадар ариза бериш мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.