Қозоғистонда аэротакси фойдаланишга топширилади

Қозоғистонда аэротакси фойдаланишга топширилади

Қозоғистонда илк марта йўловчи ташувчи аэротакси синовдан ўтказилди. Alatau Cityда кўргазмали учишлар кузатилди. Лойиҳа шаҳарда ҳаво ҳаракатини яратиш йўлидаги биринчи қадам бўлди. Келажак транспортининг учиши ва қўниши учун узун йўлаклар, катта майдончалар талаб этилмайди. Унга VertipOrt - бинолар томида, бизнес марказлари ва йирик транспорт узеллари яқинида жойлаштирилиши мумкин бўлган ихчам махсус зона етарли. Алатау шаҳрида шундай майдончаларнинг биринчиси қуриляпти.

Аппарат 13 та мотор билан жиҳозланган, тўрт-беш нафар йўловчига мос. Тезлиги соатига икки юз километргача. Олти юз метргача юқорига чиқа олади. Ишлаб чиқарувчи берган маълумотга кўра, аэротакси овози одатдаги транспортдан анча паст, шовқин даражаси тахминан 60 децибел. Парвозлар барқарор бўлиши учун асосий шарт - кучли зарядлаш станциялари. Мутахассисларнинг фикрича, қурилма вақтни тежайди ва йўллардаги юкламани камайтиради.

Келлен Се, аэротакси ишлаб чиқарувчи компаниянинг биринчи вице-президенти /Хитой/:

- Бир марта қувват олгач 250 километргача уча олади. Келажакда йўловчи ташувчи моделида супер зарядлаш технологияси қўлланилади. Натижада қурилмани тахминан 45-50 дақиқада тўлиқ зарядлаш имкони туғилади.

Пилот синовлар учун Alatau City тасодифан танланмади. Келажакда ҳаво алоқаси тармоғи ушбу шаҳарни Алмати ва Алмати вилоятининг сайёҳлик объектлари билан боғлайди.

Марат Султанғазиев, Алмати вилояти ҳокими:

- Алатау шаҳри бу тизимдаги 11 та жойдан бири. Нега айнан Алатау? Чунки ундаги ҳуқуқий тартиб жадал ҳаракатланиш имконини беради. Лойиҳа Алатау шаҳрининг жозибадорлигини, унга қизиқишни оширади. Давлат раҳбари Алатау шаҳрини пешқадам ривожланиш ҳудуди деб белгилаган. Мана шундай лойиҳалар кўпроқ муҳандислар келишига сабаб бўлади, кўп сонли инвесторларни жалб қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси