Қозоғистонда Абу Носир ал-Форобийнинг қўлёзмаси нусхаси чоп этилди

Қозоғистонда Абу Носир ал-Форобийнинг қўлёзмаси нусхаси чоп этилди

Қозоғистонда Абу Носир ал-Форобийнинг қўлёзмаси нусхаси чоп этилди. Мутафаккир, файласуф ва олимнинг «Катта мусиқа китоби» мусиқа санъати тамойиллари ва чолғу асбоблари ҳамда куйлар билан оғлиқ асосий атамаларни ўз ичига олади. Таъкидлаш лозимки, ал Форобий асарининг асл нусхасини Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий марказидаги олимларимиз Туркияга қилинган сафар давомида Сулаймониядан топишди. Буюк алломанинг асари уч қисмдан иборат, 240 саҳифа. У 13-асрда кўчирилган, араб тилида ёзилган.

Жансерик Бейсенқулов, Қозоғистон Республикаси Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази реставратори:
– Биз бу қўлёзманинг ҳар бир саҳифасини махсус итальян дизайн қоғозига кўчирдик ва барчасини ягона блокка бирлаштирдик. Сўнгра занжир чок билан тикдик. Муқова учун 3 мм қалинликдаги картон ва тўқ қизил рангга бўялган чарм ишлатдик. Муқовада ҳам, корешогида ҳам махсус яратилган декоратив безаш усулларидан фойдаландик. Сўнгра китоб рамкаси муқова билан бир рангда бўялди.

Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази олимлари «Архив-2025» лойиҳаси доирасида дунёнинг 9 давлатига, шу жумладан, Германия, Россия, Туркия, Венгрия, Чехия, Франция, Эрон, Миср, Қирғизистонга сафар қилишди, архивлар, музейлар, кутубхоналарни кўришди, тегишли тарихий ҳужжатлардан нусха олишди. Ҳозир улар синчиклаб ўрганиляпти. Ноёб материаллар тарихнинг оқ доғларига ойдинлик киритиши мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.