Қозоғистонда 5
та трансчегаравий савдо хаби қурилади.
Бу - Ўзбекистон билан чегарадаги халқаро «Марказий Осиё» саноат
кооперацияси маркази. Қирғизистон билан ишлаб чиқариш савдо-логистика мажмуаси,
Россия билан «Евроосиё» трансчегаравий савдо маркази, Осмоности юрти билан «Хоргос
тугуни» маркази ҳамда Манғистау вилоятида «Каспий» контейнер хаби барпо этилади.
Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев айтишича, янги корхоналар
бунёд қилиниши транспорт-логистика инфратузилмаси ривожига хизмат қилади, натижада
кўпроқ инвестиция жалб этилади. Бу эса мамлакатнинг экспорт салоҳияти ошишига
олиб келади. Дарвоқе, жорий йилнинг 7 ойи мобайнида четга юборилган нохомашё
товарлар ҳажми 14 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган. Хизматлар экспорти 2
миллиард долларга етиб, деярли 17 фоизга ўсган. Бунда ЕИ, Хитой ва Марказий
Осиё давлатларига экспорт ҳажми сезиларли ошгани қайд этилган.
Қайрат Тўребаев,
Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари:
- Экспортчиларга молиявий ва бошқа кўмак
чораларини тақдим этиш борасида ишлар давом этмоқда. Бугунги кунда 100 дан ошиқ
компания халқаро савдо тадбирларида иштирок этди: бу 7 та давлатдаги савдо миссияси,
Хитойдаги халқаро кўргазма. Жорий йилнинг биринчи яримйиллигида давлат кўмаги
натижасида 500 миллион доллар қийматидаги экспорт шартномалари тузилган. Таъкидлашни
истардимки, бу вазирлигимизда мавжуд 20 та воситанинг фақат биттаси, холос.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.