Қозоғистонда 3 та янги вилоят тузилади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Халққа Мактубида шу ҳақда маълум қилинди. Давлат раҳбари Абай вилоятини тузишни таклиф қилди. Семей шаҳри унинг марказига айланади, Жезқазған эса Улитау вилоятининг маркази бўлади. Алмати вилояти иккига бўлинади: Жетису ва Алмати вилоятларига ажратилади. Талдиқўрған Жетисунинг, Қапшағай Алмати вилоятининг марказига айланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз асл географик номларни қайтариш ва буюк арбоблар ҳақидаги хотирани тиклаш орқали миллий ўзликни англашни мустаҳкамлашда давом этамиз. Масалан, Қапшағай шаҳри халқимиз тарихидаги буюк шахс – Динмуҳаммад Қўнаев билан чамбарчас боғлиқ. Агар жамоатчилик бу шаҳарни унинг номи билан аташни таклиф қилса, мен буни қўллаб-қувватлайман. Буларни фуқаролар таклифлари ва фикрларига таянган ҳолда гапиряпман. Агар маҳаллий аҳоли ташаббусни қўллаб-қувватласа, тез кунларда у рўёбга чиқарилади. Ҳукуматга маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини синчиклаб ўрганиш, ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича таклифлар киритишни топшираман. Унга барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ёндашиш зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси