Қозоғистон- Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Қозоғистон- Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

«Отандастар» жамғармаси ва «Ватандошлар» жамоат жамғармаси шу йўналишда ҳамкорлик қилиш ниятида. Томонлар ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Икки давлат ташкилотлари бирга миллий қадриятлар, тил ва маънавий меросни дунё бўйлаб тарғиб қилади. Ҳужжат доирасида юртидан олисда бўлган ватандошларнинг ҳуқуқ-манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича кучлар бирлаштирилиши кўзда тутилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 3,5 миллион этник қозоқ ва бундан уч марта кўп ўзбек ўз юртидан ташқарида яшайди. Ҳозир Ўзбекистонда 800 минг қондош бўлса, Қозоғистонда 600 минг нафардан зиёд ўзбек истиқомат қилади.

Одилжон Саттаров, «Ватандошлар» жамоат жамғармаси раиси:

– Сўнгги маълумотларга кўра, 10 миллион нафарга яқин миллатдошимиз турли мамлакатларда яшайди. Биз 200 тача жамоат ташкилоти билан алоқа ўрнатдик. Меморандум имзоладик. Таъкидлаш лозимки, 200 ташкилотдан 40 таси Қозоғистонда жойлашган. Бу давлатда кўплаб ватандошларимиз истиқомат қилади. Ва биз буни яхши тушунамиз. Биргаликда давлатлар орасида дўстликни мустаҳкамлаш учун меҳнат қиламиз. 

Абзал Сапарбекули, «Отандастар» жамғармаси президенти:

Биз олиб бораётган ишлар натижасида, масалан, Қозоғистонда яшаётган ўзбеклар, ёки, аксинча, Ўзбекистонда яшаётган қозоқлар бир-бирини яхшироқ билиб олади, халқлар тарихи ва урф-одатларини ўрганади. Бундан ташқари, ташкилотларимиз турли халқаро бирлашмалар таркибида ҳамкорлик қилади. Турк давлатлари ташкилоти доирасида ҳам бирга ишлайди. Марказий Осиё Иттифоқи шаклида ҳам бошқа давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш ниятидамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси