Қозоғистонда 140 та илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди

Қозоғистонда 140 та илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди

Қозоғистонда Фан жамғармаси кўмаги билан 140 та илмий-ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилди. Улар орасидаги маҳаллий 15 та компания  экспорт фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда мазкур лойиҳалардан келадиган даромад тахминан 30 миллиард тенгега етган. Бу ҳақда жамғарманинг Технологияларни тижоратлаштириш департаменти директори Серик Мажикенов маълум қилди. Корхоналарда кимё, тиббиёт, шунингдек, ядро физикаси соҳасига доир маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Грант олувчилар асосан бизнес вакиллари ҳисобланади. Дарвоқе, улар ҳамда бошқа иштирокчилар учун жорий йилдан бошлаб, қўшма молиялаштиришда янги шартлар амалга киритилади. Бу ҳақда Фондда батафсил маълумот берилди.  

Серик Мажикенов, “Фан жамғармаси” АЖ технологияларни тижоратлаштириш департаменти директори: 

- Жорий йилдан грант маблағлари 300 миллион тенгедан 350 миллион тенгегача оширилади, буни биласиз. Бундан ташқари, қўшма молиялаштириш ўзгарди. Агар илгари барча учун 20 фоиз стандарт саналган бўлса, жорий йилда олимлар имконияти ҳисобга олинди, уларга ўз ғоялари, лойиҳаларини бевосита рўёбга чиқариш имконини яратиш учун қўшма молиялаштиришнинг энг юқори, зарурий даражаси 10 фоизгача туширилди. Стартап-компаниялар барпо этилишини рағбатлантириш мақсадида янги ташкил этилаётган корхоналар 20 фоиз миқдорида қўшма молиялаштириладиган бўлди. Бизнес вакиллари учун эса 30 фоиздан кам бўлмаган қўшма молия ажратиш кўзда тутилган.

Серик Мажикенов айтишича, лойиҳаларнинг деярли 70 фоизи АСМ соҳасидан тақдим этилган. Шунингдек, жамғарма лойиҳаларининг асосий портфелига соғлиқни сақлаш соҳаси ва кимё саноатидаги корхоналар киради. Булар бари, албатта, дастлаб давлатдан грант олиш учун саралаш танловидан ўтади.

Серик Мажикенов, “Фан жамғармаси” АЖ технологияларни тижоратлаштириш департаменти директори: 

- Танлов ўтказиш 2016 йилда бошланган. 2016-2017-2018 йилларда учта танлов ташкил этилган, натижада эса 152 та лойиҳа амалга оширилган. 2022 йилда яна бир танлов ўтказилди, якуний босқичда 72 та ғолиб аниқланди, шундан 68 таси билан шартнома тузилган, 2 та лойиҳа бекор қилинган. Бугунги кунда 66 та лойиҳа рўёбга чиқмоқда.

Грантларнинг асосий ҳажми, таъкидлайди жамғарма вакиллари, ҳозирги вақтда Алмати шаҳри, Алмати ва Туркистон вилоятларига тўғри келади. Бунда юртимиздаги тижоратлаштириладиган лойиҳаларнинг катта қисми ишлаб чиқариш сектори эҳтиёжлари учун йўналтирилган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси