Шахталардан бирида кириш-чиқиш ишлари тўла автоматлаштирилган. Энди унинг ҳудудига фақат махсус идентификация картасига эга бўлган шахслар кира олиши мумкин. Унда Face-ID технологиясидан фойдаланиляпти. Бундан ташқари, шахтёрлар смена олдидан тиббий кўрикдан ўтади. Энди уларни тиббиёт ходимлари эмас, махсус ускуналар текширади. Жами 8 та автоматлашган мажмуа ишга туширилган. Жараён атиги бир дақиқани ташкил қилади, бир вақтнинг ўзида саломатлик билан боғлиқ 5 та параметр ҳисобга олинади.
Сергей Игнатов, шахталарни ер ости позициялаштириш тизими механиги:
- Тизим қон босими, юрак уриши, организмда алкоголь мавжудлиги, тана ҳарорати ва пулометрияни текширади. Пулометриянинг вазифаси кўз қорачиғига қараб, марказий асаб тизими ҳолатини, шунингдек, одам қанчалик чарчаганини аниқлашдан иборат.
Виталий Корнилов, шахта участка автоматика ва алоқа устаси:
- Бегоналар ичкарига ўта олмайди. Фақат шахта асосий базасига киритилганлар учун йўл очиқ. Тизим монтаж қилинганида, шахта базаси шакллантирилган. Шахтага янги келганлар аввал позициялаш жараёнидан ўтказилади, уларнинг ҳар бири ҳақида маълумот ягона базага киритилади, шундан кейингина электрон рухсатнома берилади.
Автомат тизим орқали кунига юз киши ўтади. Кончиларнинг бирортасида юрак уриши тезлашса ёки қон босими кўтарилса, тизим шифокорга боришни тавсия қилади. Электрон саломатлик паспорти сурункали касалликлар профилактикаси ҳамда хасталик ривожланишининг олдини олишда ёрдамлашади. Ушбу тажриба минтақанинг бошқа саноат корхоналарида ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси