Қозоғистонда 20 та сув омбори қурилади. Режага кўра, улар 2030 йилгача фойдаланишга топширилади. Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири Нуржан Нуржжигитовнинг таъкидлашича, янги объектлар аҳоли манзилгоҳларида тошқинлар юз беришининг олдини олишга хизмат қилади. Натижада, аҳолиси 137 минг кишидан иборат 70 та овулда сув тошиши эҳтимоли камаяди. Шунингдек, 9 минтақадаги 15 та сув омбори реконструкция қилиниши кутиляпти. Натижада, кўкламги қор эриши мавсумида 75минг нафар фуқаро яшайдиган 64 та аҳоли манзилгоҳи муҳофаза остига олинади. Шунингдек, тошқинлар олдини олиш учун қатор узоқ муддатли мажмуавий чора-тадбирлар кўрилиши мўлжалланяпти.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
– Йўл қўйилган камчиликлардан сабоқ олиб, ишларимизни самарали ташкил этишимиз зарур. Шунингдек, амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш муҳим. Жорий йилда юз берган тошқин сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таҳлил ишлари олиб бориш керак. Ҳар бир минтақа географик ва об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирлар дастурини тузиб чиқиши зарур. Ушбу масалаларни ҳисобга олиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишли давлат органлари ва ҳокимликлари билан бирга 2025-2029 йилларга мўлжалланган сув тошқинлари олдини олиш дастурини тузишни топшираман. Бу ишларни рўёбга чиқаришга билимдон мутахассислар жалб этилиши лозим.
Абдумалик Сарманов таржимаси.