Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида демаркация ниҳоясига етди

Қозоғистон-Ўзбекистон  чегарасида демаркация ниҳоясига етди

Қозоғистон ва Ўзбекистон  давлат чегарасини демаркациялаш ишларини якунига етказди. Республика Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадяров маълум қилишича, томонлар ўтган йил декабрида тегишли  шартномани имзолаган. Ҳужжат ҳар икки томон парламентлари ратификация қилганидан кейин, 4 июлдан бошлаб кучга кирди. Демаркация жараёни 19 йил давом этди. Томонлар 100 дан зиёд музокара, учрашув, қўшма комиссия йиғилиши ўтказди. Натижада, 2 минг 357 километрли сарҳадда 1 минг 301 та чегара белгиси қўйилди. Жами саккиз минг саҳифадан иборат демаркация ҳужжатида уларнинг ҳар бири кўрсатилган.

АЙБЕК СМАДЯРОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ РАСМИЙ ВАКИЛИ:

- Чегаранинг баъзи қисмлари аҳоли пунктлари орқали ўтган. Демаркация ишлари ўтказилган йиллар давомида баъзи жойларда ландшафт, дарёлар, посёлкалар, тоғ-тепаликлар ўзгариб кетди. Шунинг учун ортиқча муаммо келиб чиқмаслиги учун ҳар бир иш қадам-бақадам амалга оширилди. Бу икки томон вакиллари амалга оширган сермашаққат иш. Унда Ташқи ишлар вазирлиги, ҳуқуқшунослар, геодезистлар, картографлар, чегарачилар қатнашди. Кўплаб ташкилотлар жалб этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили таъкидлашича, мамлакатлар орасида мазкур ҳужжат кучга кириши хавфсизликни мустаҳкамлайди, икки томонлама, минтақалараро ва чегара ҳамкорлигини кенгайтиради. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг жануб томондаги чегараларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ишлари якунланганини кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси