Яна 66 аҳоли манзилгоҳига «зангори олов» етиб борди

Яна 66 аҳоли манзилгоҳига «зангори олов» етиб борди

Қозоғистонда газлаштириш даражаси ортиб боряпти. Сўнгги уч йил ичида яна 1 миллион 700 минг нафар одам «зангори олов» билан таъминланди. «QazaqGaz» миллий компанияси бошқаруви раиси Санжар Жаркешов Давлат раҳбарига ҳисобот берди. У Қосим-Жўмарт Тўқаевга «Талдиқўрған – Ушарал» газопроводи асосий қисми якунлангани, яна 66 аҳоли пунктига газ етиб борганини маълум қилди. Бундан ташқари, Қашаған конида нефть газини фракциялаш ва суюлтиришга мўлжалланган завод қурилиши бошланди. Карбамид карбонат-кимё заводи лойиҳаси рўёбга чиқариляпти. Санжар Жаркешовнинг таъкидлашича, Қозоғистон орқали Ўзбекистонга жўнатилаётган Россия гази транзити ортяпти. У «Ўрта Осиё - Марказ» магистрал газопроводи капитал таъмирининг бориши ҳақида ҳам маълумот беради. Бу эса мамлакатнинг минтақа энергетика соҳасида асосий ҳалқага айланишида алоҳида аҳамиятга эга.

Санжар Жаркешов, «QazaqGaz» миллий компанияси бошқаруви раиси:

– Миллий компания газ соҳасини ривожлантиришнинг янги босқичига – мегалойиҳаларни рўёбга чиқаришга ўтди. «Аққудуқ» ва «Шимолий – 2» да геологоразведка олиб бориляпти. «Шимолий – 1» участкасида инвесторлар билан ер ости бойликларидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиляпти. СNPC компанияси билан биргаликда геологоразведка олиб бориш ҳақида шартнома имзоланди. Ўрта йўлак орқали магистрал юк жўнатиш бўйича қатор натижаларга эришилди. «Талдиқўрған – Ушарал» магистрал газопроводи муддатидан илгари фойдаланишга топширилди. У Жетису вилоятининг 66 та аҳоли пунктига газ етказиб беради. Шунингдек, «Бейнеу – Бозой – Чимкент» магистрал газопроводининг иккинчи линияси бўйича иш давом этяпти, у мамлакатдаги энг йирик инфратузилма лойиҳага айланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси