Қозоғистон яна иккита модернизацияланган ўтказиш пункти очди

Қозоғистон яна иккита модернизацияланган ўтказиш пункти очди

Қозоғистондаги Ўзбекистон чегарасидаги «Қазиғурт» ва Туркманистон чегарасидаги «Темир-баба» ўтказиш пунктларида реконструкция ишлари якунланди. Ушбу кенг кўламли модернизация ишлари Давлат раҳбари топшириғига кўра ишлаб чиқилган чегара инфратузилмасини янгилаш бўйича давлат дастурининг бир қисми. Реконструкция вақтида ўтказиш пунктлари ёпилмади, юк ва йўловчи ўтказиш муваққат тартиби туфайли ўтказиш қуввати қуввати ҳам пасаймади. Янгиланган пунктларда замонавий технологиялар ишлатилиши туфайли чегарадан ўтиш вақти 30 дақиқагача қисқарди, суткасига мингтадан зиёд автомобиль ўтказиш имконияти туғилди. Умуман олганда, мамлакатда транспорт оқими 2,5 марта ортди. 2022 йилда чегарани 640 мингта автомобиль кесиб ўтса, бу кўрсаткич ҳозир бир ярим миллионтага етди. Таъкидлаш лозимки, давлат дастурига кўра, Хитой, Ўзбекистон ва Туркманистондаги 9 та ўтказиш пунктида модернизация ишлари ўтказилади. Йил охиригача яна учтасида ишлар якунланади.


 

Мади Такиев, Қозоғистон Республикаси Молия вазири:

 

- Биз «Keden» ахборот тизимини ишга туширамиз, у шу вақтгача мавжуд бўлган 3 та ахборот тизими вазифасини бажаради. Ўтаётган барча автомобиллар, жисмоний шахслар марказлашган шаклда ҳисобга олинади. Бизда бош диспетчерлик бошқармаси тузилди, унга барча маълумот йўлланади. Ўтказиш қуввати эса 6 марта ошиши кутиляпти. Жорий йилда ишга туширилган 4 та модернизация қилинган ўтказиш пунктлари туфайли ўтказиш қуввати 1,8 миллион машинага етди.


Абдумалик Сарманов таржимаси