Абай вилоятида 24 та инвестлойиҳа амалга оширилади

Абай вилоятида 24 та инвестлойиҳа амалга оширилади

Абай вилоятида 2028 йил сўнгига қадар 24 та  инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режа қилинган. Уларнинг умумий қиймати 2,2 триллион тенге. Шундан 6 та лойиҳа жорий йилда рўёбга чиқарилади. Вилоят ҳокими Президентга минтақанинг ҳозирги ҳолати, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари ҳақида ахборот берди. Берик Уали Қосим-Жўмарт Тўқаевни вилоятдаги ижтимоий объектлар ва коммунал инфратузилма аҳволидан хабардор қилди. «Қулай мактаб» миллий лойиҳаси доирасида 5 та объект ва ўқувчилар саройи барпо этилади. Бундан ташқари, Иртиш дарёси устида яна битта кўприк қурилади, вилоят марказидаги осма кўприкни реконструкциялаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, Семей атрофида айланма йўл қурилиши масаласи кўриляпти. Президент ҳокимга Ҳукумат билан биргаликда минтақани жадал равнақ топтириш, долзарб масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқишни топширди. Шунингдек, буюк Абай таваллудининг 180 йиллигига аталган юбилей тадбирларини муносиб ўтказиш муҳимлиги уқтириб ўтилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси