2023 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон экспорти ҳажми 38 фоизга ортди. Ўз навбатида, шу давр мобайнида Венгрия Қозоғистонга юбораётган маҳсулот ҳажми 25 фоиз атрофида кўпайди. Silk Way телеканалига эксклюзив интервью берган Венгриянинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отто Иван Рона маълум қилишича, ҳозир республикада Венгриянинг 32 корхонаси ишлаб турибди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, савдо, қурилиш ва тоғ-кон саноатида ишловчи 40 та қўшма корхона тузилган.
Отто Иван Рона, Венгриянинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Венгрия етарлича кўп миқдорда турли химикатлар, юқори сифатли уруғлик, электрон ускуналар, лаборатория ускуналари юборади. 2022 йилда Венгрия 196 миллион доллар қийматга эга товар экспорт қилди. Импорт эса 232 миллион долларни ташкил этди. Қозоғистондан асосан нефть сотиб олинди.
Қозоғистон ва Венгрия савдо-иқтисодий алоқалардан ташқари маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Элчининг таъкидлашича, мамлакатларни боғловчи тарихий ришталар алоқаларнинг кенгайиши учун хизмат қилади. Томонлар фан ва таълим соҳасида ҳам фаол ишлаяпти. Масалан, қозоғистонлик талабалар махсус стипендия дастурлари асосида Венгрияда бепул ўқий олади. Бунинг учун давлат 250 дан зиёд таълимий грант ажратган.
Отто Иван Рона, Венгриянинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Бу дастурлар жуда оммалашиб кетган, жорий йилда 250 ўрин учун 1 минг 471 абитуриент ариза берди. Талабларга мувофиқ келадиганлар сони 178 нафарни ташкил этди. Венгрияда тахминан 1000-1200 қозоғистонлик бакалавриат, магистратура, PhD дастурлари асосида ўқияпти.
Таъкидлаш лозимки, 2022 йилда Қозоғистон ва Венгрия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Қардош давлат Европа Иттифоқидаги энг муҳим ҳамкорлар қаторида. Давлатлар ўртасида кўплаб ҳукуматлараро шартномалар мавжуд. Улар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда муҳофаза қилишга қаратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси