Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Японияга биринчи расмий ташрифи Император Нарухито
билан учрашувдан бошланди. Қозоғистон Президенти таъкидлагани каби, Кунчиқар
юрт узоқ йиллар давомида ўз интизоми ва чидами билан қозоғистонликларни
илҳомлантириб келади. Унинг айтишича, мамлакатларимизни ўзаро ҳурмат ва
сермаҳсул ҳамкорликка асосланган азалий дўстлик муносабатлари боғлаб туради.
Император Нарухито Қосим-Жўмарт Тўқаев ташрифи икки томонлама алоқаларни янги
сифат даражасига кўтаришига ишонч билдирди.
Қозоғистон Президенти ташриф дастури Токиодаги йирик синтоизм
ибодатхонаси зиёрати билан давом этди. Обида император Мэйжига бағишланган, ушбу
шахс томонидан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Япония дунёнинг
энг ривожланган давлатларидан бирига айланган. Ташрифнинг тантанали қисмидан
сўнг Президент Кунчиқар мамлакатда ишлаётган қозоғистонликлар билан учрашув
ўтказди. Давлат раҳбари Япония сингари илғор мамлакат тажрибасини
ўзлаштиришнинг аҳамиятига урғу бериб ўтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Япония томони мазкур ташрифга катта эътибор қаратяпти. Бугун Бош
вазир билан учрашаман. Шубҳасиз, бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз улкан истиқболларга
эга бўлади.
Ташриф мобайнида Япония парламентининг Қозоғистон билан дўстлик лигаси
аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу – иккитарафлама шерикликни
мустаҳкамлашнинг муҳим механизми, дея уқтирди Давлатимиз раҳбари. Бугунги кунда
юртимиз Токио билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор
қаратмоқда. «Марказий Осиё-Япония» саммити эса сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий, шунингдек, гуманитар
алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Тадбир индинга бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев Япония Бош вазири Санаэ Такаичи
билан музокаралар ўтказди. Учрашув расмий маросим билан бошланди. Фахрий
қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президент
таъкидлаганидек, ташриф, дарҳақиқат, Қозоғистоннинг Осиёдаги вақт синовидан
ўтган ишончли ҳамкори – Япония билан муносабатларида муҳим босқичдир. 2004
йилдаёқ Қозоғистон ва Япония «Марказий Осиё плюс Япония» форматига асос солган.
Ўз навбатида, Япония Бош вазири Астана Токио учун келгусида ҳам яқин ҳамкорлик
қилиш мўлжалланган стратегик шерик эканлигини таъкидлади. Музокаралар якунида қўшма
баёнот ва 14 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

