Бугун Қозоғистон Президенти Японияга расмий ташрифи доирасида етакчи компаниялар ва давлат ташкилотлари
раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Rakuten Group конгломерати
асосчиси Хироши Микитани билан суҳбатда
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидладики, улар
тажрибаси рақамли ўзгаришларнинг янги босқичига кирган мамлакатимиз учун қизиқ.
Шунингдек, юртимиз компаниянинг саратон хасталикларини даволаш бўйича
ишланмаларига ҳам қизиқади. Давлат раҳбари Rakuten Қозоғистонда иш бошлашга, кенгайишга
қизиқаётганини қизғин қутлади.
Қозоғистон Президенти Токио губернатори Юрико Коикэ билан
рақамлаштириш, пойтахтни барқарор ривожлантириш, шаҳар бошқарувига инновациявий
ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Smart city концепцияси билан танишди, унда шаҳарликлар турмуш сифатини ошириш учун илғор технологиялардан фойдаланилади. Президент иштирокидаги учрашув якунида Астана ҳокими
Женис Қасимбек ва Токио губернатори Юрико Коикэ икки пойтахт ўртасида ўзаро
англашув тўғрисида Меморандум имзолади. Бундан ташқари, давлат раҳбари Токио Фавқулодда вазиятлар марказида ҳам бўлди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев транспорт ва логистика, энергетика,
атом саноати, металлургия ва геология разведкаси соҳаларида қўшма
инвестлойиҳаларни рўёбга чиқариш масаласини йирик савдо-инвестиция корпорацияси – Sumitomo раҳбарияти билан муҳокама
қилди. Шинго Уэно ядро тиббиёти соҳасида «Казатомпром» билан тайёрланаётган
лойиҳа хусусида сўз юритди.
Қозоғистон Президенти Япониянинг металлар ва энергетик
хавфсизлик ташкилоти раиси Ичиро Такахаруни ҳам қабул қилди. Томонлар ўта муҳим
минералларни қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлашдаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев JOGMEC мамлакатимиздаги лойиҳаларга қизиқиш билдираётганини
таъкидлади. Келгусида компания мамлакатимиз ҳудудидаги геология разведкасига доир лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириши
мумкин.
Шу билан бирга, Қозоғистон Президенти Mitsui компанияси
директорлар кенгаши раиси билан ҳам учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев компаниянинг Астанада
ускуналарни капитал таъмирлаш учун ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши борасидаги
режасини маъқуллади. Тарафлар транспорт ва логистика, табиий офатларнинг олдини
олишда технологиялар жорий этиш кабиларни ҳамкорлик учун истиқболли деб топди.
Қозоғистон Президенти Астанада тоғ-кон техникаларини
капитал таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини Komatsu корпорацияси
директорлар кенгаши раиси билан ҳам муҳокама қилди. Хироюки Огава айтишича,
объект Марказий Осиёдаги йирик хабга айланади. Томонлар малакали кадрларни
тайёрлаш масалаларини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Компания Қозоғистонда операторлар,
механик ва муҳандислар учун минтақавий ўқув маркази барпо этиш ниятида.
Қозоғистонда тоғ-кон корхоналарининг Hitachi Construction
Machinery билан ҳамкорлигини кенгайтириш мавзусини Қосим-Жўмарт Тўқаев компания
президенти Масафуми Сэнзаки билан муҳокама қилди. Томонлар таъкидлаганидек, биргаликда
иш олиб боришда истиқболли соҳалар рақамлаштириш, «яшил» технологияларни жорий
этиш ва муқобил транспорт тизимлари бўлиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси

