Қозоғистон ва Туркманистон стратегик ҳамкорликни ривожлантиряпти

Қозоғистон ва Туркманистон стратегик ҳамкорликни ривожлантиряпти

Сиёсатшунос ва аналитиклар Туркманистон Президентининг Қозоғистонга ташрифи доирасида имзоланган шартномаларни юқори баҳолади. Улар айтишича, натижада икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очилди. Транспорт логистикаси Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим қисмига айланмоқда. Мамлакатимиз Туркманистон орқали бевосита Эронга ва Форс кўрфазига чиқа олади, Туркманистон эса Қозоғистон  орқали Хитой, Россия ва Европа давлатлари билан алоқа боғлайди. Сиёсатшунос Таир Ниғманов таъкидлашича, Каспий денгизи экотизимини сақлаб қолиш ҳам икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг муҳим қисми бўла олади.

Таир Ниғманов, халқаро муносабатлар бўйича эксперт:

- Агарда ўн йиллар давомида дипломатик фаолиятимизни Каспий мақомини аниқлаб олиш учун сарфладик, десам муболаға бўлмайди. Чунки денгиз акваторияси тақсимоти, нейтрал сувлар бор-йўқлиги, айнан нимани тақсимлашимиз шунга боғлиқ эди. Шельф масаласи ҳам шунга кўра ҳал қилинади. Туркманистон Каспий соҳилидаги давлат сифатида бу дипломатик жараёнларда қатнашди. Иккинчи томондан олсак, биз ҳозир экология ва сув масаласида ҳам ўзаро ҳамкорлик қиляпмиз. Шу жумладан, Каспий денгизи саёзлашиши хавотир уйғотади. Президентимиз бу ҳақда БМТ майдончасида ҳам гапирди.

Айни вақтда, Қозоғистон ва Туркманистон рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қарор қилди. Икки давлат Манғистау вилоятидаги Темирбаба ва Туркманистоннинг Бекдаши орасидаги участкада оптик толали ерости линияси ўтказиш ҳақида келишиб олди. Янги линия халқаро алоқа каналларини кучайтиради, қўшимча рақамли йўналишлар очади, Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини оширади. Бу иш йил давомида ниҳоясига етиши кутиляпти.

Азамат Сериктаев, Қозоғистон Республикаси Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт вазирлиги Телекоммуникациялар қўмитаси бошқарма раҳбари:

- Бу мамлакатга нима беради? Биринчи навбатда: иқтисодий самара. Шунингдек, трафик транзити диверсификация қилинади. Бугунги кунда трафик транзити жадал ўсяпти. Йилига жўнатилаётган ахборот ҳажми 1,5 – 2фоизга ортмоқда. Янги лойиҳа халқаро ва хорижий операторларга уланиш нуқталари сонини оширади.

Абдумалик Сарманов таржимаси