Қозоғистон ва Туркманистон стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Қозоғистон ва Туркманистон стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Туркманистон Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ва қардош мамлакат. Қосим-Жўмарт Тўқаев Сердар Бердимуҳамедов билан учрашувда шундай баёнот берди. Туркманистон Президенти Астанага давлат ташрифи билан келди. Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор ва кенг форматда музокара ўтказди. Икки давлат етакчилари ҳамкорлик йўналишларини, савдо-иқтисодий ва транспорт-логистикадаги ўзаро алоқаларни муҳокама қилди. Давлатлар ўртасида товар айланмаси ортяпти. Сўнгги беш йил ичида бу кўрсаткич тўрт марта кўпайди, Қозоғистонниг Туркманистон иқтисодига киритган сармояси 120 миллион доллардан ошди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қўшма фаолиятимиз туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ярим миллиард долларни ташкил этди. Жорий йил кўрсаткичлари ҳам ёмон эмас. Биз муҳтарам Туркманистон Президенти билан бирга ўзаро савдони бир миллиард долларга етказиш тўғрисида келишиб олдик. Ушбу мақсадда Қозоғистон Товар айланмасини ошириш режасини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бизнесменларини қўллаб-қувватлаш учун савдо уйлари ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Икки давлат шаҳарлари ўртасида бевосита тижорат авиарейслари очиш тўғрисида келишиб олинди.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг муҳим соҳаси – қишлоқ хўжалиги. Қозоғистон туркман бозорига буғдой, ўсимлик ёғи, макарон, сут-гўшт маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтиради. Давлат раҳбарлари газни қайта ишлаш ҳамда газ-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда ҳамкорлик қилишда давом этади. Қосим-Жўмарт Тўқаев транзит-транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўрсатиб ўтди. Бунда «Қозоғистон  – Туркманистон – Эрон» темирйўлига алоҳида эътибор берилди. У «Шимол-Жануб» транспорт йўлагида муҳим ўрин тутади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Жорий йилнинг 10 ойи давомида юк ташиш бир ярим миллион тоннага етди ва 14 фоизга ортди. Тарифларни такомиллаштириш, маъмурий жараёнларни соддалаштириш чоралари кўриляпти. Чегара инфратузилмаси, ўтказиш пунктлари модернизация қилиняпти. «Туркманбоши – Гарабўғаз – Қозоғистон чегараси» йўналишида йўл инфратузилмаларини улаш ишлари амалга ошириляпти. Контейнер юк ташишда Каспийдаги  Ақтау, Қуриқ ва Туркманбоши портлари транспорт-логистика имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш тўғрисида келишиб олдик .


Давлат раҳбарлари рақамлаштиришга ҳам эътибор қаратди. Қозоғистон давлат хизматлари ва IT-технологиялар жорий этишда қўшма лойиҳалар таклиф қилди. Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон  ва Қозоғистон  Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкорлар эканлигини таъкидлади.


Сердар Бердимуҳамедов, Туркманистон Президенти:


- Ўзаро савдони кенгайтириш ва диверсификациялаш, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасида кенг кўламли қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун инвестициявий фаолликни ошириш масаласи кўрилди. Биз икки давлат бизнес-ҳамжамиятлари ўртасида тадбиркорлик алоқалари кенгайишига катта эътибор берамиз.


Музокаралар ниҳоясида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Сердар Бердимуҳамедов Давлат раҳбарлари қўшма баёноти ва 11 та шартнома, меморандумлар имзолади. Улар ҳуқуқ, транспорт, агросаноат, соғликни сақлаш, фан, маданият, оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ.


Давлат раҳбари Туркманистон Президентини олий давлат мукофоти - «Олтин Қирон» ордени билан мукофотлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ашхободнинг дипломатия, тинчлик ва барқарорлик маркази сифатидаги мақомини кўрсатди. Сердар Бердимуҳамедовнинг икки давлат ўртасида дўстлик, ўзаро ёрдам ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини таъкидлади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси