Қозоғистон ва Туркия қўшма лойиҳалари портфели 9,5 миллиард долларни ташкил қилди

Қозоғистон ва Туркия қўшма лойиҳалари портфели 9,5 миллиард долларни ташкил қилди

Қозоғистон ва Туркия қўшма лойиҳалари портфели 9,5 миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса турли соҳалардаги 170 та инвестициявий ташаббус, дегани. Астанада Бош вазир Ўлжас Бектенов ва  Туркия вице-президенти Жавдет Йилмаз иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида уларнинг рўёбга чиқарилиши масаласи кўрилди. Бизнес-учрашувда Қозоғистон ва Туркиянинг етакчи компаниялари вакиллари қатнашди. Шу жумладан, мамлакатда кемасозлик заводи қуриш масаласи кўтарилди. Бундан ташқари, юк карго-маркази очилади. Умуман олганда, республикамизда иссиқлик электр марказлари, фармацевтика ва агроқайта ишлаш мажмуалари бунёд этиляпти. Қозоғистон томони янги ташаббусларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ниятида. Турк бизнеси эса мамлакатда шаклланаётган қулай инвестициявий иқлимни юқори баҳолади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири

- Сўнгги 20 йил ичида турк инвесторлари Қозоғистон иқтисодига 6 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди. Қозоғистондан Туркия Республикасига борган инвестиция ҳажми 2,4 миллиард доллардан ошди. Мамлакатда бугунги кунда турк капитали иштирокида фаолият юритаётган 5 мингта корхона мавжуд, минглаб иш ўринлари яратилган. Бу турк бизнесига бўлган ишонч юқори эканлигини кўрсатади.

Жавдет Йилмаз, Туркия вице-президенти:

- Қозоғистон Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида салмоқли натижаларга эришяпти. Конституциявий ислоҳот сиёсий барқарорлик ва институциявий тизимни мустаҳкамлади. Биз Қозоғистонда амалга оширилган ўзгаришларни юқори баҳолаймиз, қардош халқни эришилган ютуқлари билан табриклаймиз. Қозоғистон иқтисоди салмоқли ўсишга эришди, ўтган йили ялпи ички маҳсулот 300 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткичлар ўсишига ишонамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси