Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтади

Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтади

Астанада 3 август куни Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форуми ўтказилади. Унда 400 нафардан зиёд делегат қатнашади. Томонлар телекоммуникациялар, энергетика, транспорт, логистика соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилади. Савдо, инвестиция, транзит соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўтарилади. Таъкидлаш лозимки, Афғонистон Ҳиндистон ярим ороли, Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари билан боғловчи кўприк бўла олади. Ҳинд океанига йўл очилиши эса Яқин Шарқ ва Африка давлатлари билан алоқалар кенгайишига ёрдам беради. Савдо ва интеграция вазирлиги берган маълумотга кўра, бугунги кунда Афғонистоннинг Қозоғистон билан ўзаро савдоси Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга нисбатан анча кўп ва салкам 1 миллиард долларни ташкил қилди. Яқин келажакда бу кўрсаткич уч марта ошиши кутиляпти.

Қайрат Тўребаев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири ўринбосари:

- Афғонистон Савдо вазири Нуриддин Азизий раҳбарлигида 200 дан зиёд делегат ташриф буюриши кутиляпти. Делегация таркибида бизнес вакиллари, йирик энергетика ва телекоммуникация компаниялари, Марказий банк ва хусусий банк раҳбарлари, гилам, ичимликлар ишлаб чиқарувчилар, қимматбаҳо тошларга ишлов берувчилар бор. Афғонистон делегацияси аъзоларининг бирортаси БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкция рўйхатига киритилмаган, тегишлича, уларга нисбатан чеклов чоралари кўрилмайди.

Қозоғистон унининг 70 фоизи Афғонистонга экспорт қилинади. Ўтган йили бу кўрсаткич 52 фоизга ортди, буғдой экспорти эса 20 фоизга кўпайди. Шунингдек, кунгабоқар ёғи 6 марта кўп жўнатилган. Жорий йилдан бошлаб сули сотилмоқда, дори-дармонлар, ўғит ва металл прокати экспорт қилинмоқда. Ўз навбатида, Афғонистон бизнинг бозорларга турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот юборишга тайёр. Очиладиган махсус кўргазмада Афғонистон товарлари билан танишиш мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси