Қозоғистон ва
Туркия ўзаро савдо ҳажмини 15 миллиард долларга етказади. Бунга турли
маҳсулотлар етказиб беришни ошириш ва ўзаро сармоя киритиш орқали эришилади. «Томонларнинг
иқтисод ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлиги стратегик аҳамиятга эга», дея
таъкидлади Қозоғистон ва хориж оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида
Туркия вице-президенти Жавдет Йилмаз. Икки томонлама алоқаларни
чуқурлаштиришдаги яна бир фактор - логистика. Томонлар Каспийдаги савдо флотини
кенгайтириш ва божхона жараёнларини соддалаштириш ниятида.
Жавдет Йилмаз,
Туркия вице-президенти:
- Туркия ва Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия иштирокида Ўра йўлакни кучайтириш режалаштирилган. Ҳозирги шароитда бу йўналиш глобал даражада талабга эга. Энергетика – яна битта асосий йўналиш. Бу соҳада ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз. Озарбайжон ва Туркиянинг Қозоғистон нефтини дунё бозорига олиб чиқишдаги улуши кенгайиши муҳокама қилиняпти. Бундан ташқари, турк энергетика компаниялари Қозоғистонда қидирувдан қазиб олишгача барча ишларда қатнашиши режалаштирилган.
Қурилиш соҳасида ҳам истиқболлар кенгайиб боряпти. Қозоғистон
ва Туркия қиймати 30 миллиард доллардан зиёд лойиҳаларни рўёбга чиқарди. Бу иш
давом этади, деди Жавдет Йилмаз. Туркия вице-президенти гуманитар алоқалар
аҳамиятини ҳам тилга олди.
Жавдет Йилмаз,
Туркия вице-президенти:
- Биз Қозоғистондаги
турк мактаблари сонини оширишни истардик. Бу йўналишда қатор ижобий
ўзгаришларни кўряпмиз. Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий номли университет билан
фахрланамиз. Унинг 100 минг нафардан зиёд битирувчиси, 12 минг нафарга яқин
талабаси бор. У жуда юқори даражадаги таълим даргоҳи.
Абдумалик Сарманов таржимаси

