Бир триллион тенгедан зиёд. Давлат-хусусий ҳамкорлик доирасида жалб этилган инвестиция миқдори ушбу кўрсаткичдан ортди. Ҳозир Қозоғистонда иш юритишнинг бу шакли фаол ривожланяпти. Механизм давлат ва бизнеснинг биргаликда иш юритиши учун қулай эканлигини кўрсатди. Қозоғистон Республикасининг турли минтақаларида, иқтисодиётнинг турли соҳаларида жами саккиз юздан зиёд шартнома тузилди. Пойтахтнинг ўзида давлат-хусусий ҳамкорлик асосида 15 та лойиҳа амалга оширилиши кўзланмоқда, бунинг учун 57 ярим миллиард тенге инвестиция жалб этилди. Айниқса, таълим соҳасида мазкур механизм фаол ишлаяпти. Жорий йилда давлат-хусусий ҳамкорлик асосида 4 та янги умумтаълим мактаби очилади. Улар қурилишига 22 миллиард тенге хусусий маблағ йўналтирилади.
Ержан Балтаев, «Astana Invest» МЧБ бошқаруви раиси:
- Кўплаб бизнесменлар таълим соҳасига бизнес-лойиҳа сифатида қарай бошлади. Фақат ижтимоий лойиҳа эмас, айнан бизнес-лойиҳа сифатида. Портфелимизда таълим соҳасига боғлиқ бир қанча қизиқарли лойиҳалар мавжуд. Ҳозир, ўзингизга маълум, ўқувчилар сони ортяпти. Сифатли таълимга талаб ҳам ошиб боряпти. Ҳар бир ота-она болаларига яхши билим беришни истайди.
Шуни ҳам айтиш керакки, сўнгги вақтда давлат-хусусий ҳамкорлик механизми IT ва хавфсизлик соҳасида ҳам қўлланмоқда. Бундай лойиҳалардан биринчилар қаторида «Сергек»ни кўрсатиш мумкин. У туфайли ҳайдовчилар анча интизомли бўлиб қолди, бу эса йўлларда хавфсизлик таъминланишига хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, давлат ва бизнес ҳамкорлиги мамлакатни ривожлантириш, қозоғистонликлар учун қулайлик яратишга йўналтирилган.